Жорий йилнинг 1-21 ноябрь кунлари Иқтисодий тараққиёт вазирлиги томонидан “Тошкент қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ (Қўйлиқ) ва Эски жўва (Чорсу) деҳқон бозорларида асосий истеъмол товарларининг улгуржи нархлари бўйича кузатув натижалари эълон қилди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу давр мобайнида бозорда сариқ сабзи 1 500 сўмга, қизил сабзи 1 000 сўмга, импорт ва маҳаллий олма 2 000 сўмга, лавлаги 1 000 сўмга, бодринг 500 сўмга, нок 2 500 сўмга киви 20 000 сўмга, гуруч 1 000 сўмга ва лимон 2 500 сўмга арзонлаган.

Шу билан бирга, картошка 575 сўмга, пиёз 150 сўмга, карам 350 сўмга, саримсоқ пиёз 5 500 сўмга, помидор 2 250 сўмга, бақлажон 250 сўмга ва қовун 3 500 сўмга ошган.

Тезкор маълумотларга асосан, “Қўйлиқ” бозорига 1-21 ноябрь кунлари ҳудудлардан жами 14,5 минг тонна, хусусан, 8,7 минг тонна картошка, 4,2 минг тонна пиёз, 543 тонна карам ва 1,0 минг тонна сабзи келтирилган.

Шундан, Тошкент вилоятидан 1 506 тонна картошка, 1 018 тонна пиёз, 543 тонна карам, 401 тонна сабзи, Самарқанд вилоятидан 764 тонна картошка, 150 тонна сабзи, Жиззах вилоятидан 3,0 минг тонна пиёз ва 22 тонна сабзи, Қашқадарё вилоятидан 260 тонна, Фарғона вилоятидан 74 тонна, Андижон вилоятидан 27 тонна, Бухоро вилоятидан 6 тонна ва Сирдарё вилоятидан 192 тонна сабзи маҳсулотлари етказиб берилган.

Шунингдек, “Қўйлиқ” бозорига Қозоғистон Республикасидан 2 630 тонна, Қирғизистон Республикасидан 333 тонна, Афғонистон Ислом Республикасидан 1 398 тонна ва Эрон давлатидан 2 091 тонна картошка келтирилган.

Шу билан бирга, ҳудудлардан “Чорсу” деҳқон бозорига 1-21 ноябрь кунлари жами 220,0 тонна, шу жумладан 191,1 тонна мол гўшти ва 28,9 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.