Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ижтимоий тармоқларда оғир ҳолатда эканлиги айтилган  Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги 68-мактабни бориб ўрганди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вазирликнинг маълум қилишича, бугун 338 нафар ўқувчи таҳсил оладиган мактаб 1985 йилда қурилган ва мактабнинг аҳволи ҳақиқатдан ҳам талабга жавоб бермайди.

Ҳолат билан танишиб чиққан Бахтиёр Саидов мактабни келгуси йил инвестиция дастурига киритиш юзасидан тегишли масъулларга кўрсатма берди.

Шунингдек бугунги кунда Қарши туман халқ таълими бошқармаси лавозими вакант бўлгани боис, мазкур лавозимга номзодларни кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берди.

Мактабга ишчи ташриф давомида вазир мактаб педагоглари билан суҳбатда бўлди.

Мактабингизни инвестиция дастурига киритиб, ҳолатини имкон борича тез фурсатларда яхшилаб беришга ҳаракат қиламиз.

Бугун сизлардан сўрайдиган нарсам, ўзингиз таълим ва тарбия бераётган ўқувчилар орқали оилаларга маънавият ва маърифат олиб киришингиз керак.

Ҳар бир бола орқали биз жамиятга маърифат улаша олишимиз керак. Шунда олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз”, — дейди вазир.

Шундан сўнг вазир синф хоналарга кириб ўқувчиларга вазир дарсини ўтиб берди. Дарс давомида ўқувчиларга ўзлари учун ёрқин келажак яратишга бугундан ҳаракат қилишлари зарурлигини уқтирди:

“Яхши касб эгаси бўлиш учун бугундан ўз устингизда ишлашингиз лозим. Бугун меҳнат қилсангиз, ўқисангиз ўз устингизда ишласангиз эртага албатта юксак марраларни забт этасиз”, — деди Бахтиёр Саидов.