Президент куни кеча имзолаган қарорга мувофиқ, келгуси йилда пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар майдонлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилади, дея хабар бермоқда Шерзод Асадов.

Бунда асосий мезон томорқадан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари бўлади.

Ушбу ерларда деҳқончилик қилиш учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар экишга 6 ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача кредит ажратилади.

Йиғилишда ҳар бир ер участкаси 2 кунда кадастр рўйхатидан ўтказилиши шартлиги, аҳоли давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича йиғимлардан озод қилиниши таъкидланди.

Келгуси йил 1 мартга қадар барча қишлоқ хўжалиги ерларининг кадастр рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш вазифаси қўйилди. “Бирорта ҳудуд раҳбарининг бу масалада “ўйин қилишга” ҳаққи йўқ“, – деди Президент.