Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Тожикистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони генерал-лейтенант Б.Жамолзода бошчилигидаги делегация илк бор Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф билан келди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Тожикистон делегацияси ташриф доирасида Жамоат хавфсизлиги университети, Ихтисослаштирилган ўқув маркази, Ғалаба боғи ҳамда Миллий гвардиянинг қатор бўлинмалари билан танишишган ва биргаликда кўчат ўтказишган.

Миллий гвардия марказий девонида Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Учрашувда ҳар икки томон ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг асосий устувор масалаларини муҳокама қилдилар.

Йиғилиш якунида раҳбарлар 2022 йилга мўлжалланган икки томонлама амалий ҳамкорлик режасини имзолаб, кадрлар тайёрлаш, уларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ошириш бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, хизмат кўрсатишнинг барча соҳаларида тажриба алмашишга келишиб олганлар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга Қозоғистон мудофаа вазири келган эди.