Россияга ишлаш мақсадида кетиб, у ерда оғир шароитда қолган ўзбекистонликлар Ватанга қайтарилди. Бу ҳақла Ташқи меҳнат миграцияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, қорақалпоғистонлик С.М. 2020 йилнинг декабрь ойида Россияга ишлаш мақсадида боради ва жорий йил сентябрь ойида соғлиғи кескин ёмонлашгани оқибатида меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган.

Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида Москва шаҳрига ишлаш учун борган наманганлик 51 ёшли Ж.Б. бахтсиз ҳодиса сабабли оёғидан оғир жароҳат олади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу фуқароларни Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 19 ва 21 ноябрь кунлари Москва – Тошкент авиарейслари орқали Ватанга қайтарди.

Фуқаролар Агентлик ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропортида тез тиббий ёрдам бригадасини жалб қилган ҳолда кутиб олиниб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига кузатиб қўйилган.