Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг фармойиши билан 4 нафар вазирга “ҳайфсан” берилди ва яна айрим мансабдор шахсларга нисбатан жарима ҳамда интизомий чоралар белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири З.Зиядуллаев, Соғлиқни сақлаш вазири М.Курбанов, Мактабгача таълими вазири Ж.Уснатдинова, Халқ таълими вазири Р.Рейимовга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ҳамда топшириқларининг бажарилишини ташкил қилиш, ҳужжатлар билан ишлаш, ижро интизомини назорат қилиш, топшириқлар ижросини таъминлашда юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан ўз вақтида зарур чоралар кўрмаганлиги учун Қорақалпоғистон Республикасининг “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тўғрисида”ги Қонуни 11-моддасига асосан “ҳайфсан” эълон қилинди.

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Т.Баекеевга нисбатан Вазирлар Кенгашининг 2021 йил 16 июль кунги 6-13-0-F/21-фармойиши билан “ҳайфсан” эълон қилинганлигини инобатга олиб, ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жаримага солинди.

Вазирлар Кенгаши Раисининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Е.Аташовга ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Б.Хабибуллаевга нисбатан;

Нукус шаҳри ҳокими У.Панаев, Бўзатов тумани ҳокими М.Қайпанов ва Тахиатош тумани ҳокими И.Маткаримовларга нисбатан интизомий чоралар кўриш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси номига таклиф киритилганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ташкилий-кадрлар гуруҳи бошлиғи Р.Рисназаров “Ҳудудгаз” Қорақалпоғистон газ таъминоти филиали бошлиғи Х.Аймановга нисбатан интизомий чоралар кўриш бўйича “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти бошқарув раисига таклиф тайёрлаши белгиланди.