Ўзбекистондаги блогер аёллар ичидаги энг фаолларидан бири бўлган Ақида ханум билан Бобур Неъматов суҳбат олиб борди. Аввалроқ Effect.uz You tube саҳифасида ҳам мазкур интервьюни тўлиқ шаклда эфирга узатган эдик.

Таъкидлаш жоизки, Ақида Ҳанум Facebook ижтимоий тармоғида ўз аудиториясига эга. Ўзининг танқидий постлари билан танилган. Блогердан Сурхондарё вилоятига хизмат сафари билан борган пайтида интервью олинган.

Ушбу интервью орқали Ақида Ханум Сурходарё вилоятининг иқтисодий ва сиёсий ҳолатини баҳолагани, қайси муаммоларнинг долзарблиги ва ўз касб фаолияти ҳақида тўхталиб ўтган.

У ўз сўзида Сурхондарё вилояти ижтимоий соҳада анча орқада эканлиги, муаммолар жуда кўплиги, у билан қайси Facebook гуруҳи админлари зиддиятга келиб қолгани, ҳоким Тўра Боболовнинг кўнгли нозиклиги ва ҳатто унга «Сурхондарёдан тез кетиши» ҳақидаги гаплар бўлганини айтди.

Жумладан, Facebook'да изоҳ ёзувчилардан бири «ҳокимлар блогерни жудаям ёмон кўришини, эҳтиёткорлик билан Сурхондарёдан тезроқ кетиши кераклиги»ни ёзиб ўтган. Бунга жавобан Ақида Ҳанум шундай дейди:

«Бу ерда ипакчилик саноати бўйича медиа-тур бўлиб ўтмоқда. Соғлигимда муаммо бўлганлиги сабаб Қашқадарёда бўлиб ўтган медиа-турга боролмадим. Сурхондаёга келишга қарор қилдим, чунки бу вилоят республикамизнинг жанубий ва марказдан узоқроқ ҳудуд бўлганига қизиқдим. Қандай янгиликлар бўлган? Иш масаласида ҳам Қашқадарё ва Сурхондарё анча орқада. Эркаклари ва аёллари ҳам Россияга кетиб ишлашади. Камчиликлар ҳақида Facebook’да қилган эфиримда айтиб ўтдим», – дейди Ақида Ҳанум.

Блогер ушбу эфирдан кейин вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг кўнглига тегиб кетганини, бу бўйича узр сўрашини айтиб ўтди:

«Эфир бошидан охиригача танқидий эмасди. Ҳокимингларнинг кўнгли нозик экан. Узр сўрайман. Лекин сизнинг “специално” кўнглингизга тегиш учун Тошкентдан келмаганман. Масала очиқ-ойдин шунақа бўлиб турибдики, Тошкентдан Термизга учишимиз давомида 3 ярим соат ичида кўплаб сурхондарёликлар шахсийга хабар қолдиришди. Ўз муаммолари ҳақида айтишди».

«Клавиатурада шер бўлдингми, ҳаётда ҳам шер бўлиш керак», дейди Ақида Ҳанум. Блогер шунингдек, Сурхондарёга бу учинчи ташрифи экани, воҳанинг водийдан 30 йил орқада қолганини, «паспортда эркак бўлиб, ҳаётда эркак бўлолмаётганларни» ва пресс-турга оид бошқа маълумотларни ҳам келтириб ўтган. Бу ҳақида батафсил интервью орқали кузатишингиз мумкин: