Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур тумани Гулобод массивида  белгиланган маршрут бўйлаб юрмай, тахминан 5 км радиусни пиёда кезиб чиқмоқда. Бу ҳақда журналист Азиза Қурбонова маълум қилди.

Қурбонаванинг айтишича, журналистларни ортда қолдириб, кутилмаганда Шайхонтоҳур болалар ва ўсмирлар спорт мактабига, 41-мактабга кирган.

Спорт залига кириб, жисмоний тарбия дарсидаги болалар ва ўқитувчилари билан гаплашди. Мактаб ошхонаси, менюсини кўрди ва бирма-бир суриштирди.

“Булар энди имкони етганча масаллиқ олиб келиб,  тайёрлашади. Тошкентда шундай бўлса, Қорақалпоғистонда қандай?   

Мактаб ошхоналари масаласини ҳали ичига кирмадик. Сифати, муддати қандай, нархи- буларни тизимга солиш бўйича иш олиб бормадик. 10 январга қадар мактаблар ошхоналарига сифатли, тўйимли, баланслаштирилган таомнома бўлиши учун кетринг хизматини аутсорсинг асосида ташкил қилиш бўйича пухта лойиҳа қилинглар“, – деган президент.

Шунингдек, мактабни 2 сменали бўлиши учун янги корпус қуриш бўйича топшириқ берилди.

“Шошиб қолган, югурган шаҳар масъуллари, ҳайрон ва ҳаяжондаги ўқитувчилар,  хурсанд беғубор ўқувчилар фонида жараённи кузатяпмиз“, – деб ёзди Қурбонова.

Эслатиб ўтамиз, Шайхонтоҳур тумани Сарҳумдон ва Гулобод маҳаллалари бўйлаб юриб, бу ердаги шароитлар билан танишган эди.