Тошкент вилояти ҳокими лавозимини эгаллаган Зойир Мирзаев ўзининг фаолиятини Нурафшон ва Чирчиқ шаҳрига ташриф билан бошлади. Бу ҳақда Тошкент вилоят матбуот хизмати хабар бермоқда.

22 ноябрь куни Зойир Мирзаев Нурафшон шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорликлар ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги амалий ишларни кўздан кечирди.

Маълум бўлишича, Зойир Мирзаев Нурафшон шаҳрида режалаштирилган барча бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш борасида ишни тизимли ташкил этиш, ҳар бир объектни ўз номига монанд бўлишига эътибор қаратиш, шунингдек, кўчат экиш бўйича долзарб 40 кунликни юксак самаралар билан якунлаш бўйича масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берган.

Маълумот ўрнида, Нурафшон шаҳрида 2018-2021 йилларда жами 1 126,1 млрд. сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилган.

Жумладан 23 та бошқарма ва ташкилотларнинг 321,9 млрд. сўмлик маъмурий бинолари, 191,4 млрд. сўмлик 8 та вилоят банклари, 275,7 млрд. сўмлик 27 та 7-9 қаватли кўп квартирали уйлар, 7 млрд. сўмлик 2 та мактаб, 16,8 млрд. сўмлик 5 та МТМ, 2,1 млрд. сўмлик 5 та МФЙ бинолари, 311,2 млрд. сўмлик 32 та маиший хизмат кўрасатиш нуқталари каби ўнлаб замонавий ва кўркам объектлар қуриб битказилган.

Жорий йил охирига қадар 19 та 1 022 та хонадонли 6-7-9-16-қаватли уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилиши ҳамда шаҳар ҳудудида “Микрокредитбанк” биноси, вилоят электр тармоқлари идораси, вилоят экология, карантин, мудофаа бошқармалари, Нурафшон марказий ўйингоҳи, 7 та маиший хизмат объекти, умумий овқатланиш шохобчаси, 48-сонли умумтаълим мактаби, “WITTI KIDS” болалар боғчаси ва бошқа кўплаб объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, шаҳарда Президент мактаби ўз фаолиятини бошлади.

2022-2026 йилларда шаҳар бўйича 7 трлн. 310,9 млрд. сўмлик, маъмурий-ижтимоий бино-иншоотлар барпо этилади.

Тошкент вилояти қўғирчоқ театри, замонавий кўп тармоқли универсал спорт мажмуаси, Тошкент вилояти маданият бошқармаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят ИИББ биноси, “Янги Ўзбекистон” ёшлар ижодиёт саройи, замонавий маълумотлар маркази “Кутубхона” биноси, “Чавандозлар мактаби” кабилар шулар жумласидандир.

Бугун, 23 ноябрь куни эса Зойир Мирзаев собиқ Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов бошқарувидаги Чирчиқ шаҳрига борди ва у ерда нуроний ва ёшлар билан учрашув ўтказди.

Шундан сўнг, Чирчиқ Давлат Педагогика институти биносида журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, олимлар билан мулоқот қилди.

Учрашувда вилоят ҳокими сўз олиб мазкур соҳага масъул бўлганлар туман ва шаҳарлардаги муаммолар моҳиятини ўрганиши, шунингдек тадбирларни ҳудудлардаги муҳитдан келиб чиқан ҳолда ташкил этиш кераклигини айтиб ўтди.

“Ҳурматли президентимизни мамлакат олдига қўйган юксак марраси бор, учинчи ренесанс. Албатта зиёлилар қатламисиз, мамлакатни бугунги ва эртанги кунига умуман ҳар бир жабҳада эътиборсиз бўлмаган зиёлилар маслаҳатини олмасдан улар билан кўришмасдан бир ишни бошлаб бўлмайди.

Биринчи кун айтган эдим, фаолиятимда нима ишни бошлаган бўлсам Машаллоҳ, зиёлилар, обрў эътиборга эга ёшлар тарбиясига бефарқ бўлмаган одамлар билан маслаҳатлашиб ишлаганман”, – деди Зойир Мирзаев.

Шунингдек ҳоким ёшлар билан учрашди ва уларга Президентнинг топшириғини эслатиб, ҳар бир ёш фуқаро қайсидир мусиқа асбобини чалишни билиши кераклигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зойир Мирзаев раислигида видеоселектор тарзида илк “ҳокимлик соати” ўтказилган эди.