Бугун 23 ноябрь куни АОКАда “АКТ вазирлиги томонидан телекоммуникация инфратузилмаси ривожи бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзусида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматов иштирокида брифинг ташкил этилди. Аҳматов АКТ вазирлиги олдида қандай вазифалар турганлиги борасида маълумотларни очиқлади:

Шерзод Аҳматов

“Бугунги кунда халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик имкониятини 1 200 Гигабит/ секундни ташкил этиб, амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида жорий йил якунига қадар умумий ўтказувчанлик имкониятини 1 800 Гигабит/секундгача кенгайтирилади. Ҳозирда мазкур кўрсаткич вилоятлараро даражада 400 Гигабит/секунд,  туманлараро даражада эса 40 Гигабит/секунд булиб йил якунига қадар 1,5 баробарга оширилади.

Телекоммуникация тармоғини ривожлантириш мақсадида қўшимча 36,5 минг км. оптик-толали алоқа линиялари қурилди. Йил якунига қадар қўшимча 14 минг км. оптик-толали алоқа линиялари қурилиб 118,6 минг км.га етказилади. Телекоммуникация тармоғининг оптик-толали алоқа линиялари узунлиги 104,6 минг км дан  118,6 минг км.га етказилади.

Аҳолига юқори тезликдаги интернет хизматларини кўрсатиш қурилмаларининг умумий сиғими 3,0 млн.дан 3,6 млн.га етказилади.  Мобил алоқа хизматларини ривожлантириш мақсадида:

мобил интернет тезлиги 1,5 баробар оширилди ва жорий йилда 10431 қўшимча таянч станциялари ўрнатилиб уларнинг сони 42 171 тага етказилди.

Оператор ва провайдерларга Интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,9 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с учун 30,0 минг сўмни ташкил этмоқда.

Республикада рақамли инфратузилмани жадал ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари ўртасидаги “рақамли тафовут”ни бартараф этиш ҳамда тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор 4 та асосий йўналишни қамраб олади.

Биринчидан, оптик толали, радиореле алоқа линияларини ҳамда маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказларини қуриш, кенг полосали уланиш тармоғини ривожлантириш, мобил алоқа ҳамда бошқа замонавий технологиялардан фойдаланишни давом эттириш орқали телекоммуникациялар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.

Иккинчидан, таълим муассасаларида телекоммуникациялар соҳасидаги кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш сифатини янада ошириш, таълим тизимига масофавий, онлайн ва виртуал ўқитиш технологияларини жорий этиш, онлайн курслар учун инфратузилмани ривожлантирилади.

Учинчидан, Соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар бериш орқали телекоммуникациялар соҳасида рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган.

Тўртинчидан, телекоммуникация оператор ва провайдерларининг ўзаро муносабатини тартибга солишни назарда тутувчи қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ва уларни қайта кўриб чиқиш орқали норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилади.

Қарорга кўра, 2022–2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳамда халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини мобил алоқа қамрови билан таъминлаш режа-жадвали тасдиқланди.

Шунга кўра, 2023 йилгача, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришнинг қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Жумладан:

халқаро маълумотлар узатиш каналининг ўтказувчанлик қобилияти 3,5 маротаба оширилади;

150 минг км оптик толали алоқа линиялари қурилиш ҳисобига маълумотлар узатиш тармоғи кенгайтирилади;

халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини мобил алоқа тармоқлари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш;

оптик толали алоқа линиялари барча аҳоли пунктларига етказилиб, уй хўжаликларининг камида 80 фоизи Интернетга кенг полосали симли уланиш имконияти билан таъминланади.

Шу билан бирга:

Телекоммуникация операторлари ва провайдерлари 2022 йил 1 январдан бошлаб Интернет жаҳон ахборот тармоғига кенг полосали уланиш тармоқларини лойиҳалаш ва қуришда қуйидагилар назарда тутиладиган бўлди.

маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйларни камида 1 Гбит/с ўтказувчанлик қобилияти билан;

таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа давлат ташкилотларини камида 100 Мбит/с ўтказувчанлик қобилияти билан таъминлаш.

Ҳозирда Вазирлик раҳбарияти олдига Давлатимиз раҳбари томонидан соҳани ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси қўйилган.

АКТ вазири Шерзод Шерматов

Энг асосий вазифа иқтисодиётимиз ўсиши ва ёшларимизни қўшимча даромад топишига ёрдам бериш.  Вазирлик давлат-хусусий шерикчилик кўринишида бўладими ёки бошқача revenue-sharing механизми асосидами, ҳар қандай таклифларни кўриб чиқишга тайёр эканлини маълум қилади.

Шу сабабли, кимда бу йўналишни ривожлантириш бўйича аниқ таклиф ва лойиҳалари бўлса, уларни вазирликнинг расмий саҳифаларига жойланган онлайн форма орқали юборишингизни мумкинлигини маълум қиламиз.

Соҳа фаолиятини янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида аҳолининг барча қатламидан йиғилган таклифлар миллатимиз келажаги учун нақадар муҳим эканлигини шахсан Вазиримиз номидан айтиб ўтмоқчиман.

Шуни яна бир бор эслатиб ўтмоқчиманки, Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳар доим ҳамкорликда ишлашга тайёр!” – дея сўзларига якун ясаган Аҳматов.

Эслатиб ўтамиз, ҳали тайинланганлигига кўп бўлмаган Ш.Шерматов АКТ вазирлигини 2017—2018 йилларда ҳам бошқарган. Сўнгги уч йил давомида Халқ таълими вазири лавозимида фаолият кўрсатаётганди. Президент фармонига асосан Халқ таълими вазири лавозимига Бахтиёр Одилович Саидов тайинланди.

Аброр Поёнов