Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Сархумдон маҳалласига борди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ташриф давомида Президент 93 ёшли отахондан дуо олди ва унга чойхона қуриб беришни ваъда қилди ва кутилмаганда белгиланган маршрут бўйлаб юрмай, тахминан 5 км радиусни пиёда кезиб чиқди ва Шайхонтоҳур болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 41-мактабнинг аҳволи билан танишди ва йўлда “Шохюзбек” билан танишди.

Шундан сўнг маҳалладаги боққа кўчатлар ўтқазди. Кейинчалик эса хонанда Севара Назархоннинг онаси билан суҳбат ўтказди.

Дастлаб Шавкат Мирзиёев маҳалладаги шароитларни кўрди. Ҳарбий ватанпарварлик майдончаси билан танишув чоғида бу ерга аскар ва спортчиларни жалб этиб, ёшларни миллий ғурур ва мардлик руҳида тарбиялаш юзасидан тавсия берди.

Маҳаллада “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчатлар экилиб, мўъжаз боғ барпо этилган. Шавкат Мирзиёев маҳалла оқсоқоллари билан бирга ушбу боққа кўчатлар ўтқазди. Нуронийлар Ўзбекистонда ҳамиша тинчлик, халқимиз фаровонлик тилаб дуо қилди. Шу ерда “Шохюзбек” билан кутилмаган учрашув бўлди ва ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда жуда кўп позитив муҳокамаларга сабаб бўлди.

Давлат раҳбари кутилмаганда Гулобод маҳалласига ҳам ўтиб, мавжуд ҳолатни кўздан кечирди, одамлар билан суҳбатлашди.

 

93 ёшли Анвархўжа ота Президентни дуо қилди, маҳалладаги ўзгаришларни таъкидлаб, оталар чойхонаси қуриб беришни сўради.

Ушбу воқеадан кейин Гулобод маҳалласида Шайхонтоҳур тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 41-умумтаълим мактабига борди ва ердаги ўқувчиларга мурожаат қилди:

“Кўраяпсизлар, таълим билан муаллимга шароит яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Бугун бу ерга келиб, ўзимга кўп хулоса қилдим. Бу мактаб биносини ҳам янгилаймиз. Фанлар учун, спорт учун яхши шароитлар бўлади. Бугун бир тарихий кун бўлиб қолади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Кейинчалик Шавкат Мирзиёев Олим Хўжаев маҳалласида бўлди ва бу ерда реновация дастури бошланишини маълум қилди.

Маълум бўлишича, маҳалладигаи 2 қаватли уйлар эксплутациясига 65 йил бўлган. Эскирган уйлар бузилишидан олдин бу ерда 9 қаватли уйлар қурилади.

Уйлар тўлиқ битгандан сўнг эски уйлар бузилади ва  аҳоли янги уйларга кўчирилади. Битта бузилган хонадонга битта янги хонадон берилади.

Шавкат Мирзиёев бу ерда яшовчиларнинг кайфияти, бунга муносабатини ўрганиш учун нуроний онахонлар билан учрашди.

Севара Назархоннинг онаси ва Шавкат Мирзиёевнинг учрашуви ҳам ўзига яраша қизиқ воқеа бўлди.

Машҳур қўшиқчининг онаси “Мен сизга нон бермоқчиман” деб мурожаат қилди ва Президент Муҳтарамхон Бекназарова билан самимий руҳда суҳбатлашди.