Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳукмрон “Нур Отан” партияси раиси лавозимидан бўшади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Айдос Укибай ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.

Маълум бўлишича, 81 ёшли Назарбоев Партия сиёсий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида “Нур Отан”га амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлик қилиши кераклигини айтган.

Партиянинг янги етакчиси съездда сайлангунига қадар ҳозирча Элбоши бу мавқени ўзида сақлаб туради.

Айдос Укибайнинг таъкидлашича, Назарбоевнинг бу қарори 2019 йилда бошланган ҳокимиятни топшириш жараёнининг узвий давомидир.

 

Нурсултон Назарбоевнинг фикрича, “Нур Отан” пандемия сабабли юзага келган инқироз вақтида Қозоғистон президентининг асосий таянчи бўлиши керак.

Нурсултон Назарбоев эгаллаб турган лавозимларидан қатъи назар, бизнинг миллатимизнинг раҳнамоси — Элбоши бўлиб қолаверади”, — деб изоҳ берган биринчи президент матбуот котиби.

Маълумот ўрнида, Нурсултон Назарбоев қарийб 30 йил мамлакатга раҳбарлик қилгач, 2019 йил март ойида президентлик лавозимидан истеъфо берган. Аммо, у ўзида “Нур Отан” партияси етакчиси ва Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимларини сақлаб қолган эди. Қонунчиликка кўра, Қозоғистон Хавфсизлик кенгашига у умрбод раҳбарлик қилади.