Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров Иордания Олимпия қўмитаси президенти билан учрашди.

Умаровнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Иордания бўлажак йирик мусобақаларга тайёргарлик кўриш бўйича ҳамкорлик масалаларини кўриб чиққан.

“Дастурнинг муҳим қисмларидан бири – Иордания Олимпия қўмитаси президенти, Қироллик Олий Ҳазратлари Файсал Ал Ҳусайн билан учрашувдир.

Халқаро спорт ташкилотларида йирик амалий тажрибага эга, ООК ва ХОҚнинг қатор комиссия ва қўмиталари раиси ва аъзоси бўлган шахс мамлакатимизда Олимпия ҳаракати ривожидан яхши хабардорлигини кўрсатди.

Умуман олганда, бу ажабланарли эмас, чунки сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Иордания спортчиларининг йўллари муҳим турнирларнинг плей-офф босқичида тобора кесишмоқда.

Шунга кўра, бизда кўплаб салоҳиятли алоқа нуқталари ва ривожланиш йўналишлари мавжуд, шунинг учун музокараларнинг асосий қисми бўлажак йирик мусобақаларга тайёргарлик кўриш бўйича ҳамкорлик масалаларига бағишланди.

Ишончим комилки, биз ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйдик, бу икки давлат учун ҳам манфаатлидир”, – деб ёзди Умаров.

Эслатиб ўтамиз, Отабек Умаров 2020 йил 15 декабрь куни ООК вице-президенти лавозимига тайинланган эди.