Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Беларусфилм” киностудияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиб, шартнома доирасида ҳарбий йўналишдаги иккита фильм – “Азиатский лев” ва “Узбечка” фильмлари суратга олинади. Бу ҳақда Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Беларус пойтахти – Минск шаҳрида XXVII “Листапад” халқаро кинофестивали бўлиб ўтмоқда, унда Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этмоқда.

Маълум бўлишича, ушбу Кинофестиваль доирасида Беларусь ва Ўзбекистон ўртасида кинематография соҳасидаги ҳамкорлик дастурининг тақдимоти учун алоҳида кун ажратилди. Учрашувда ҳар икки мамлакат киноижодкорлари иштирок этди.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Беларусфилм” миллий киностудияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.

Биринчи фильм — “Азиатский лев” тўлиқ метражли бадиий фильми. Беларусь томони харажатларнинг 50 фоизини қоплаб беради.

Мазкур фильм Фарғона вилоятида туғилган, урушда партизан сифатида иштирок этган Совет Иттифоқи Қаҳрамони Мамадали Топволдиев ҳақида суратга олинади.

Фашистлар уни “Азиатский лев” («Осиё арслони») деб аташган, беларус партизанлари эса унга “Казбек” номини беришган.

Баъзи маълумотларга кўра, жасур аскарни қўлга олиш учун Адольф Гитлер шахсан катта пул мукофоти эълон қилган.

Фильм қаҳрамонининг прототипи ғайриоддий эпчиллик ва жасорат билан ажралиб турар эди, фильм қаҳрамони ҳам шу каби фазилатларга эга бўлади.

Айни пайтда фильм сценарийсини ёзиш ишлари якунланмоқда. Суратга олиш ишлари Ўзбекистон ва Беларусда бўлиб ўтади.

Фильмга яқинда “Мен террорчи эмасман” фильмини суратга олган Муҳаммад Али Искандаров режиссёрлик қилади.

“Мен террорчи эмасман” фильми “Листапад” кинофестивалида намойиш этилди ва турли мамлакатлардан келган меҳмонлар ва кино ижодкорларида катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Беларусфилм” миллий киностудияси томонидан суратга олинадиган иккинчи фильм “Узбечка” фильми ҳам Иккинчи жаҳон уруши воқеаларига бағишланган. Фильм реал воқеалар асосида суратга олинади.

Режиссер Акбар Бектурдиев томонидан суратга олиниши режалаштирилаётган фильмда ватанини мардонавор ҳимоя қилган мерган қиз ҳақида ҳикоя қилинади. Фильм бош қаҳрамонининг прототипи юзлаб фашистларни йўқ қилган афсонавий Зебо Ғаниева.

Ҳар икки фильм ҳам уруш саҳналарига бой бўлади.

“Қувонарлиси, Кинематография агентлиги билан ҳамкорлигимиз фаол ривожланмоқда. Жумладан, “Беларусфилм”да “Илхақ” фильмининг уруш саҳналари суратга олинди, “Мерос”, “Мухаббат бахори” фильмлари ҳам ҳамкорлигимиз самараси эди, Мамадали Топиволдиев ҳақидаги ҳужжатли фильм устида иш бошланди.

Ижодий гуруҳлар аллақачон Минскка етиб келган ва ҳозирда беларуслик ҳамкасблари билан биргаликда сценарий устида иш олиб боришмоқда. Ва ҳозирда биз умумий тарихий хотирамиз, ғалабамиз ва албатта уруш қаҳрамонларига бағишланган фильмларни биргаликда яратишни бошлаяпмиз“, — деди “Беларусфилм” киностудияси бош директори Владимир Карачевский.

Беларусфилм” киностудияси билан биргаликда суратга олинаётган икки фильм ёшлар қалбида ватанпарварлик, ўз Ватанига муҳаббат туйғуларини тарбиялаш, уларни тарих, унинг қаҳрамонлари билан яқиндан таништириши билан ғоят муҳим.

Биз қадимий давр ва ўрта асрлар тарихий қаҳрамонларининг ҳарбий жасорати ҳақида фильмлар суратга олиш билан бир қаторда Иккинчи Жаҳон уруши фронтларида ва фронт ортида жасорат кўрсатган ота-боболаримиз ҳақида ҳам ҳикоя қилишимиз керак” – деди Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Эслатиб ўтамиз, “Листапад” кинофестивалида Ўзбекистон делегацияси томонидан Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Илҳак”, Хилол Насимовнинг “Мерос”, Муҳаммад Али Искандаровнинг “Мен террорчи эмасман” ва бошқа фильмлар намойиш этилади. Фильм намойишлари Минск билан бир қаторда ҳудудларда ҳам ўтказилади.

“Листапад” халқаро кинофестивали Белоруссиядаги кино соҳасидаги энг йирик ва энг нуфузли тадбир бўлиб, 27 йилдан бери ўтказиб келинади.

Ҳар йили ноябрь ойида “Листапад»”кинофестивали доирасида Минск шаҳрига бутун дунёдан энг яхши фильмлар олиб келинади.

Бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг асосий танловлари МДҲ давлатлари, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё, Болтиқбўйи мамлакатлари, Шарқий ва Марказий Европада яратилган янги фильмларга қаратилган.

                                                                                                                                   (Реклама ҳуқуқи асосида)