14,1 млрд сўмлик 10та инновацион лойиҳа Қурилиш материаллари саноати Илмий-техникавий кенгашда ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилди, дея хабар бермоқда “Расмий хабарлар” канали.

Бу ҳақда АОКАда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилди:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 майдаги “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4335-сон қарорига мувофиқ янги турдаги инновацион қурилиш материаллари технологияларини яратишга қаратилган Республика илмий-техник кенгаши фаолияти мунтазам йўлга қўйилган ҳамда инновацион лойиҳаларни бажаришга киришилган.

Илмий техник кенгаш, 25 нафар, сохада чуқур билим, малака ва кўникмага эга бўлган фан докторлари, фан номзодлари, профессорлар, шунингдек етакчи ишлаб чиқариш корхоналарининг муҳандис ва технологларидан ташкил топган.

– Замонавий инновацион ишланмаларни ҳисобга олган ҳолда қурилиш меъёрлари ва қоидаларини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш, янги турдаги энергия тежамкор ва экологик жиҳатдан хавфсиз қурилиш материалларини тезкорлик билан амалиётга жорий этилиши ва қўлланилишини таъминлаш;

– юқори қўшилган қийматли янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қаратилган илмий-техникавий, тажриба-конструкторлик, инновацион ҳамда “start-up” лойиҳаларни қўриб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва уларни саралаб олиш бўйича илмий асосланган хулосалар ишлаб чиқиш;

– қурилиш материаллари саноатига инновацияларни жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар ва технологик жараёнларни хар томонлама ўрганиш;

– юқори тижорат салоҳиятига эга ва рўёбга чиқаришга тайёр бўлган истиқболли стартап-лойиҳаларни танлаш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

– мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион салоҳиятидан кенг фойдаланиш орқали янги турдаги юқори самарадор қурилиш материалларини яратишга қаратилган мақсадли дастурларни шакллантириш илмий техник кенгашнинг асосий вазифалари хисобланади.

2021 йил 15 нояюбрь ҳолатига кўра, 10та йўналиш бўйича 50га яқин инновацион лойиҳалар Уюшма қошидаги Илмий-техникавий кенгашда кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган ва ўтказилган танлов натижаларига кўра умумий молиявий ҳажми 14,1 млрд сўмлик 10та инновацион лойиҳалар (клинкерли цемент, азбозуритдан асбест олиш, золобетон, янги боғловчилар олиш технологияси ва ш.к.) илмий-техникавий кенгашда ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилди.

Юқорида келтирилган лойиҳалар орасидан “Маҳаллий табиий ва иккиламчи ресурслар асосида юқори сифатга эга клинкерли цемент ишлаб чиқариш ва олиш” номли инновацион технологияни жорий этиш орқали бетон ишлаб чиқарилишида юқори самарадор фаол минерал қўшимчалардан (ФМҚ) фойдаланиш ва цемент сарфини тежаш, мустаҳкамлигини, кимёвий ва муз агрессиясига чидамлилигини ошириш, шу билан бирга суперпластификаторлар орқали бетон қоришмаси ҳаракатчанлигини сақлаган ҳолда сувга бўлган эҳтиёжини 20-30% камайтиришига эришилади.

Шунингдек, “Азбозурит ичидан асбестни саралаб олиш технологияси ва унинг иқтисодий самарадорлиги лойиҳаси” – мамлакатимизга кириб келаётган асбест миқдорини камайтириш, шифер таннархини пасайтириш, Охангарон, Қувасой, Бекобод ва Ангрен зонасида тўпланиб қолган 2 миллион тонна миқдорда азбозурит чиқиндисини қайта ишлаб тоннасидан 10%гача асбест хом ашёсини ажратиб олиш ҳамда дастлабки ҳисоб китоблар натижасида асбест импортидан 40 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ иқтисод қилинишига имкон беради.