Тожикистон университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба қиз номаълум шахслар томонидан зўрланган. Бу ҳақда унинг дугонаси “Nemolchi.uz”га (Ўзбекистонда зўравонликка қарши лойиҳа) хабар берган.

Маълум бўлишича, бундан тахминан бир ой олдин Тожикистон олийгоҳларидан бирида таҳсил олаётган ўзбекистонлик қиз, тунда ўқишдан қайтиб турган вақтда номаълум шахслар томонидан зўрланган.

Зўравонлар ўлжасига айланган қиз зиёлилар оиласидан бўлганлиги учун воқеа ҳақида ҳеч ким айтмаган.

Аммо бироз вақт ўтгандан сўнг ҳомиладор бўлиб қолганини билган ва ҳомилани туширадиган дориларни қабул қилган. Шундан сўнг, дорилар ножўя таъсир қилиб, унда ички қон кетиши юзага келган.

Қизнинг дугонасининг айтишича, ҳозирда у ички қон кетиши сабабли, жуда ёмон аҳволда қолган.

Ассалому алайкум узр сиздан бир илтимосим бор, қаерга ёзишни билмай қолдим. Менинг Тожикистондаги университетлардан бирида ўқийдиган бир дугонам бор.

Тахминан бир ой олдин, кечки пайт ўқишдан қайтаётганида, уни зўрлашган, икки ярим ҳафта олдин ҳомиладорлигини билиб қолиб, ўйлаб ҳам ўтирмасдан ҳомилани туширадиган дориларни қабул қилган. У зиёли оиладан эди. Бу ҳақда ҳеч кимга айтмагани, ҳеч кимдан маслаҳат сўрагани аниқ.

Энди унда бир ҳафтадан кўпроқ вақт  давомида ички қон кетиш кетмоқда. Гинекологлардан маслаҳат сўраймиз!

Агар сиз шарҳларда ёзишга ёрдам бера олсангиз, биз сиз билан боғланамиз. Ёки нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳат беринг! Ҳозир у бошқа шаҳарда ва Тошкентга кела олмайди, чунки у умуман оёққа туролмайди”, – деб ёзган қизнинг дугонаси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ солиқ инспектори хотинини ваҳшийларча калтаклагани ва ДСҚ ички текширувни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.