Россия футболидаги энг тажрибали инсонлардан бири Юрий Белоус сўнгги пайтларда Марказий Осиё Республикаларига тез-тез ташриф буюрмоқда. Ўзбекистонлик ёш футболчи Жасур Жалолиддинов Тошкентга сафаридан сўнг Москванинг “Локомотив” клубида ўзини синаб кўриш имкониятига эга бўлди. Кўриниб турибдики, бу Оқсоқолнинг минтақадаги кўзга кўринган натижаларидан бири, холос.

Шу йилнинг сентабр ойида Юрий Белоус Қирғизистонга ҳам ташриф буюрди. У “Fergana Agency” мухбири билан суҳбатда Марказий Осиё мамлакатлари футболидан олган таассуротлари, режалари ва истиқболлари ҳақида гапириб берди.

Қуйида мазкур интервьюдан ўзбек футболига дахлдор жойларини ўқишингиз мумкин.

– “Бунёдкор” футболчиси Фаррух Икромовга Россия қизиқаётганини айтдингиз.

– Ҳа бу шундай. У жуда иқтидорли, тезкор ва техник йигит. Аммо аниқ маълумотни кутаётган бўлсангиз, мен буни ҳозирча беролмайман. Футболчи терма жамоа сафида шведларга қарши ўйинда олган жароҳатидан фориғ бўлмоқда. Фаррух муваффақиятли операция қилинди. Шундай қилиб, сиз шунчаки кутишингиз керак.

– Ўзбек футболида ҳаммаси силлиқ эмас, шундайми? Абрамов лицензиядан маҳрум қилинди, Канчельскисга “Навбаҳор”даги маоши берилмади.

— Ўзбекистонда муаммолар етарли. Эндиликда мамлакат раҳбарияти олдида улар билан курашиш вазифаси турибди. Бу қанчалик кўп бўлади, биз тез орада кўрамиз. Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Азизовга футболни бошқариш бежиз ишониб топширилмаган бўлса керак.

Умуман олганда, Азизов олдида жуда қийин вазифа турибди – АФУ давлат тузилмалари ишига аралашмасдан, кўплаб энг қийин масалаларни ҳал қилиш, чунки бу ФИФАнинг талаби. Бунда унга Ассоциация вице-президенти Равшан Эрматов ёрдам бериши аниқ.

– Ҳокимият футбол ривожидан шунчалик манфаатдорми?

– Шубҳасиз. Президент Шавкат Мирзиёев келиши билан Ўзбекистонда футбол ҳолати яхшиланди. Унинг қўл остида республика қайта туғилади, мамлакат дунёга очилади. Бугун мамлакат юксалиб бормоқда. Аҳолининг 80 фоиздан ортиғи Мирзиёевга овоз бергани бежиз эмас ва бу бўрттирилган рақамлар эмас.

Республиканинг Москвадаги элчихонаси олдида оломон тўпланиб, унга овоз беришди. Ўзбекистон демократиклашиб бормоқда, инвесторлар келади, иш ўринлари пайдо бўлади. Буларнинг барчаси футбол ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Асосийси, молиявий аҳволингизни тўғри бошқариш. Мураббийлар тайёрлашга, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, ёш авлод футболчиларини тарбиялашга сармоя киритиш керак. Буларнинг барчаси жуда муҳим. Бу эса, албатта, Ўзбекистонни янги босқичга олиб чиқади.

Маълумот учун, Юрий Белоус – россиялик футбол менежери, спорт мутахассиси ва функционер. 2002 йилдан 2008 йилгача у аввалига “Москва” футбол клубининг бош директори, кейин бош директори ва президенти лавозимларида ишлаган. 2010 йилдан 2011 йилгача “Локомотив” ФК вице-президенти, 2011 йилдан 2012 йилгача “Ростов” ФК бош директори. Футбол менежменти олий мактаби президенти.