Бугун, 22 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда қўмита аъзолари, экспертлар гуруҳи вакиллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбар ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Мажлисда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2019-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисида қўмита раисининг ахбороти тингланди.

Унда қайд этилганидек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан 2019-2021 йилларда юклатилган вазифалар доирасида йирик давлат монополиялар, бозор иштирокчилари ҳамда давлат органларининг 14,5 мингдан ортиқ турли рақобатга зид ҳаракатлари бартараф этилган. Натижада 37 минг тадбиркорлик субъектларининг жами 380 млрд сўмга тенг манфаатлари ҳимоя қилинган.

Ушбу даврда давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимлик органларининг 2,4 мингта рақобатга зид қарорлари бекор қилинган.

Давлат харидлари доирасидаги тендер (танлов) савдоларида 9,4 мингта рақобатни чекловчи омилларнинг олди олинган ва натижада 1,6 трлн. сўм бюджет ва корпоратив маблағларини иқтисод қилишга имконият яратилган.

Қонун ҳужжатларини рақобатга таъсирини баҳолаш методикаси жорий қилиниб, унинг асосида вазирлик ва идоралар тайёрлаган 822та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари 68 фоизида рақобатга зид норма бартараф этилган.

Рекламаларни жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича жами 17,8 мингта ҳолатда аниқланган турли камчиликларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган ҳамда 277та ҳолатда интеллектуал мулкни ҳуқуқлари чекланиши билан боғлиқ ноҳалол рақобатнинг олди олинган.

Кўрилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.