Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда вилоят прокурори Садриддин Турдиев муҳим ташаббусга қўл уришиб, Сурхондарёда вилоят ҳокимлиги боғи ташкил этилмоқда. Тўра Боболов мазкур боққа биринчи кўчатни экди.

Ўзбекистон Республикаси бўйлаб ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси “Долзарб 40 кунлик” акцияси Сурхондарё вилоятида ҳам нуронийлар, ёшлар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирокида давом этмоқда. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Эътиборлиси, воҳадаги фойдаланишдан чиққан ерларда вилоят сектор раҳбарлари бошчилигида, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят ИИБ ҳамда вилоят ДСБнинг мевали боғлари ташкил этилмоқда.

Кеча 21 ноябрь куни, вилоят ҳокимлиги учун ажратилган Ангор тумани Каттақум маҳалласи ҳудудидаги 4 гектар фойдаланишдан чиққан ер майдонида мевали боғ ташкил этилиб, вилоят ҳокимлиги ходимлари томонидан 2000 дона ўрик кўчатлари экилди.

Мевали боғда вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳамда вилоят прокурори Садриддин Турдиевлар дастлабки кўчатларни экишди.

Маълумот ўрнида, вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 16 миллион, шу жумладан, куз ойларида 6 миллион туп мевали ва манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, 2 миллион 117 мингга яқини экиб бўлинди. Бугуннинг ўзида воҳада 164 минг 500 дан зиёд дарахт экилди.