Россия президенти Владимир Путин Италия бош вазири Марио Драги билан телефон орқали суҳбатда Россия Европага табиий газни узоқ муддатли, жумладан, “Северный поток — 2” орқали етказиб беришга тайёрлигини тасдиқлади. Бу ҳақда Италия бош вазири девонига таяниб, “РИА Новости” хабар берди.

Палаццо Кижи шунингдек, Путин ва Драги суҳбатида Украина ва Беларус-Полша чегарасидаги вазиятга тўхталганини айтди. Томонлар энергия нархлари динамикасини ҳам муҳокама қилишган.

8 ноябрь куни “Газпром” Россиянинг “Северный поток — 2” газ қувури қурилиши якунлангани ва ишга туширишга тайёрлигини маълум қилди.

“Северный поток — 2” лойиҳаси Россия қирғоқларидан Болтиқ денгизи орқали Германияга – Ленинград вилоятидаги Уст-Луга портидан Греифсвалдгача бўлган умумий қуввати йилига 55 миллиард куб метр газ ўтказувчи икки қаторли газ қувурини қуришни назарда тутади. Қўшма Штатлар ўзининг суюлтирилган газини Европа Иттифоқида илгари суриб, лойиҳага фаол қаршилик кўрсатмоқда. Бундан ташқари, лойиҳанинг бошқа рақиблари ҳам бор. Жумладан, Украина.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россияни “Северный поток — 2” учун алоҳида шартлар излаётганликда айблаган эди.