Бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов Қозоғистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Мурат Бектанов бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, мазкур учрашувда томонлар мудофаа соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилинган ва Қозоғистонда бўлиб ўтган “Қалқон-2021” ҳамда Ўзбекистонда давом этаётган “Ҳамкорлик-2021” қўшма ўқувларининг аҳамияти, бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлик масалаларига атрофлича тўхталиб ўтишган.

Шунингдек, мулоқот давомида икки давлатнинг бирдамлилиги, икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалаларининг жорий ҳолати ҳамда истиқболлари, минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган.

Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик бўйича қатор тадбирларни ўз ичига олган битим имзоланди.

Мазкур ташриф давомида Қозоғистон ҳарбий делегациясининг Тошкентдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Мудофаа вазирлиги “Чимён” тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази ва Қуролли Кучлар Академияси фаолияти билан танишуви ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг “Термиз” дала ўқув майдонида ўтказилаётган “Ҳамкорлик-2021” ўзбек-қозоқ ўқувларини кузатуви ҳам режалаштирилган.