Ўзбекистонга меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажми 2021 йил якунига келиб қарийб 7,6 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Жаҳон банкининг Миграция ва ривожланиш масалалари бўйича ҳисоботига таяниб, Spot хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2020 йил давомида мигрантлар Ўзбекистонга 6 миллиард доллар ўтказган.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда хориждан пул ўтказмалари мамлакат ЯИМнинг 11,6 фозига тўғри келиши айтилган.

Қўшни мамлакатлардан бу кўрсаткич фақат Қирғизистон ва Тожикистонда юқори — ЯИМнинг 26 фоизидан ортиқ.

Умуман олганда, дунё бўйича ривожланаётган давлатларда меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари 2021 йилда 589 миллиард долларни ташкил этган.

Бу 2020 йилга нисбатан 7,3 фоизга кўп. Пул ўтказмалари ҳажми кетма-кет иккинчи йил тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва молиявий ёрдам умумий ҳажмидан ортиқ бўлди.

Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмалари ҳажми 2021 йилда 5,3 фоизга ўсиб, 67 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда. 2022 йилда пул унинг ҳажми яна катта эҳтимол билан 3,8 фоизга ўсиши мумкин.

Жаҳон банкининг Ижтимоий ҳимоя ва бандлик бўйича глобал амалиёт департаменти директори Михал Рутковскининг таъкидлашича, мигрантларнинг пул ўтказмалари оқими COVID-19 инқирози даврида иқтисодий қийинчиликка дучор бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳукуматнинг пул ёрдами дастурларига жуда яхши қўшимча бўлган.

Жаҳон иқтисодиёти тикланишини жадаллаштириш ва уй хўжаликларидаги вазиятни юмшатиш учун пул ўтказмаларини юборишни қўллаб-қувватлаш керак.

Жумладан, ҳозирда 200 доллар пулни юбориш учун 6,4 фоизни ташкил этувчи пул ўтказмаси тўловини пасайтириш лозим.

Ўзбекистон бу борада қулай шароитда — ўзбекистонлик мигрантларнинг аксарияти жойлашган Россияда пул ўтказмалари учун тўлови миқдори 1,8 фоиздан 1 фоизга тушди.

Марказий банкнинг 2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича ҳисоботида пул ўтказмалари аҳоли бирламчи ва иккиламчи даромадлари ўсишини таъминлагани қайд этилганди.