Халқ таълими вазирига тайинланган Бахтиёр Саидов мактаблар фаолияти билан танишиш мақсадида Жиззах вилоятида бўлди. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ўрганиш жараёни “Янги келажак касблари” Марказидаги тўгараклардан бошланган. Вазир бугунги кунда болаларни замонавий билим ва касб ўрганишларига иштиёқини ошириш, бунда замонавий технологиялардан фойдаланиш юзасидан тўгаракнинг устоз ва мураббийларига ўз тавсияларини берган.

Фото: ХТВ матбуот хизмати

“Бугун олдимизда турган асосий вазифа ўқувчиларнинг савиясини, уларни илм олишга бўлган иштиёқини оширишдан иборат. Энг чекка ҳудудларда ҳам ўқувчи жаҳон стандартлари асосида таълим олиши лозим. Бунда эса ўқитувчиларимиздан жуда катта билим, меҳнат ва фидоийлик талаб этилади. Бунинг учун эса биз ўқитувчиларимизнинг билим беришлари учун шарт-шароитларни яхшилашимиз лозим ва бу келгуси стратегиямизнинг энг асосий йўналиши бўлади”, дея таъкидлади вазир.

Шундан сўнг вазир вилоятдаги физика ва математика фанига ихтисослашган янги мактаб қурилишини бориб кўрган. Вазир янги мактабда ўқувчилар учун замонавий шарт-шароитларни яратиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирган.

Шунингдек, Бахтиёр Саидов Зомин туманида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун қурилаётган ёзги оромгоҳга борган. Оромгоҳнинг ҳавоси тозалигини эътиборга олиб, унда мавжуд бўш ер ҳудудида ўқитувчиларнинг дам олиши учун ҳам санаторий қуриш бўйича таклиф берилган.

Фото: ХТВ матбуот хизмати

“Бундай баҳаво ерда нафақат ўқувчилар балки устозлар ҳам дам олишлари албатта болаларимизнинг сифатли таълим олишлари учун замин яратади. Ўқитувчига яхши шарт-шароитлар яратиб берсаккина, улар бизнинг келажак авлодга сифатли таълим беради”, дея таъкидлаган вазир.

Жиззах шаҳридаги 22-Ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби жамоаси билан учрашган вазир, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, табиий фанларни ўқитишда амалий машғулотлардан фойдаланиш, хусусан, сифатли видеоконтентлар яратиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Фармонига асосан 2021 йилнинг 17 ноябрь куни Халқ таълими вазири лавозимига Бахтиёр Одилович Саидов тайинланди.

Бахтиёр Одилович Саидов Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Бахтиёр Саидов шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳакамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг бир қатор давлатлардаги элчиси лавозимларида фаолият юритган.

Шу кунга қадар Халқ таълими вазири лавозимини эгаллаган Шерзод Хотамович Шерматов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинланган.