Адлия вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестасияси тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи буйруғи давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унга кўра, якуний давлат аттестасия синовидан ўта олмаган шахс кейинги ҳар бир ўқув йилида (3 йил давомида) ўз аризасига мувофиқ  2 мартагача имтиҳонни қайта топшириш ҳуқуқига эга.

Олдинги тартиб бўйича битирувчи якуний давлат аттестасияси синовидан ўта олмаган тақдирда кейинги йилларда қайта топшириш ҳуқуқига эга эди. Ушбу ҳолат талаба учун бирмунча қийинчиликлар, хусусан унинг бир йиллик қимматли вақтини мақсадли сарфлай олмаслигига сабаб бўлиб келган.

Эндиликда талабалар томонидан қайта топшириш тўғрисидаги аризалар йиғилишига қараб бир ўқув йилда икки мартагача давлат имтиҳонларини қайта топшириш имконияти яратилди.