Тошкент шаҳрида ўз уйида тўпонча ясаш билан шуғулланаётган 48 ёшли эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 17 ноябрь куни олиб борилган “Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбирлари давомида ИИВ, ДХХ ва Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари муқаддам судланган 48 ёшли Арсен ўз уйида қурол ясаш билан шуғулланишини аниқладилар.

Мазкур шахснинг яшаш жойи текширилганда у ердан револвер ва тўппонча топилиб, баллистика экспертизасига йўналтирилди.

Экспертизанинг хулосасига кўра фуқаронинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Фуқаролардан ушбу хатти-ҳаракат учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасида (“Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш”) жавобгарлик кўзда тутилганлигига эътибор қаратишларини сўраймиз”, – дейилади хабарда.