Заминимиз офтобига тўйинган, унумдор ва баҳаво ҳудудларда пишиб етилган сархил ноз-неъматлар ғоят мазали ва фойдали дармондориларга бойдир. Шу боис бундай маҳсулотларни юртдошларимиз ҳам, хорижликлар ҳам бирдек севиб истеъмол қилади.

Шунга мувофиқ, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қуритиш ва қадоқлаш бўйича янги қувватларни ишга тушириш фаолиятини янада ривожлантириш ва бу йўналишдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мамлакатимизда самарали ишлар олиб борилмоқда.

Республика миқёсида биринчи марта Наманган вилоятидаги 81 та фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларини кооперация асосида бирлаштирган Норин туманидаги «VALLEY FRUITS» корхонаси бунга яққол мисол бўлади. Тадбиркор Зуҳриддин Ҳошимовнинг билдиришича, мазкур корхона 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, экспорт бўйича Россия, Англия ишбилармонлари билан дастлабки шартномалар имзолашга эришган.

Бугунги кунда 0,5 гектар майдонда 2,500 тонналик совутгич омборида агрокластер маҳсулотларини экспортга тайёрлаётган ушбу корхонага ʼʼЎзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказиʼʼ давлат муассасаси томонидан кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида лимон маҳсулотлари учун халқаро «GLOBAL G.A.P» сертификатини олишга эришилди.

Бунинг натижасида «VALLEY FRUITS» корхонаси лимон маҳсулотларини Европа бозорларига ҳеч қандай тўсиқларсиз экспорт қилиш имкониятига эга бўлди.

«UzTEST» давлат муассасаси матбуот хизмати