Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман кенгашининг навбатдаги йиғилишида  беҳаё тасвирлар акс этган видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалган депутат Феруза Бабашеванинг иши муҳокама қилинди.

Депутатлар йиғилишига фақатгина кенгаш аъзолари киритилган, оммавий ахборот воситалари ходимлари эса йўқ. Мутасаддилар журналистлар нега киритилмаётгани тўғрисидаги саволга фақатгина рўйхатдагилар ичкарига киришини айтиб, жавоб берган.

Муҳокама қилинган депутат Феруза Бабашева ташқарига чиқиб, журналистларга интервью берган. Унинг таъкидлашича, иш ички ишлар бошқармаси томонидан кўриб чиқилиб, судга оширилади.

Маълум бўлишича, депутат Феруза Бабашеванинг иши кун тартибининг 6-ўрнидан жой олган. Аммо бу иш ёпиқ тартибда биринчи навбатга ўтказиб кўрилган. Бу иш вилоятнинг собиқ прокурори Муҳиддин Қиёмовнинг аризаси бўйича кўриб чиқилган. Таъкидланишича, Бабашеванинг даҳлсизлик ҳуқуқи олиб қўйилган, депутатликда қолган.

“Видеони тасвирга олиб, интернетга тарқатганлар бўйича бирорта депутат гапирмади. Депутатлик одоби бузилгани айтилди.

Тўғрисини айтаман, мен шу кунгача депутат даҳлсизлигини умуман ҳис қилмадим. У нарса борми-йўқми, бунинг аҳамияти йўқ”, — деган Феруза Бабашева.

16 ноябрь куни Феруза Бабашеванинг ўзи ҳам Ички ишлар бош бошқармасининг маълумотига муносабат билдирган.