Афғонистондаги иқтисодий инқироз ва қурғоқчилик шароити туфайли Қандаҳор вилоятидаги кўплаб фермерлар кўкнори етиштиришни кўпайтирмоқда. Бу ҳақида Wall Street Journal маҳаллий аҳолига таяниб хабар бермоқда.

Вилоят аҳолисининг айтишича, бошқа қонуний товарлар сотиладиган бозорлар йўқлиги, хусусан, қўшни давлатлар чегара пунктларини вақти-вақти билан ёпиб қўйгани сабабли улар тирикчиликни таъминлаш мақсадида кўкнори етиштиришади.

«Бу ерда яшайдиган ҳаммамиз камбағалмиз. Агар биз кўкнори етиштирмасак, биз қашшоқлашиб кетишимиз аниқ. Бизда бошқа чора йўқ, бошқа маҳсулотлар учун бозор ҳам йўқ!», дейди кўкнори майдонларини кўпайтирган вилоят фуқароларидан бири.

Кобул ҳукумати гиёҳвандлик ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашга чақиришда давом этаётганига қарамай, жойларда бунга нисбатан ҳаракат бошқача тус олган.

Wall Street Journal таъкидлашича, «Толибон» ҳам, АҚШ кучлари ҳам ўтмишда кўкнори етиштиришга қарши курашган, аммо уларни тўхтата олишмаган. Чунки кўкнори маҳаллий фермерлар учун мавжуд бўлган кам сонли фойдали экинлардан биридир.