Бугун, 22 ноябрь куни Президент ҳузуридаги йиғилишда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш ва соҳани янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни муҳокама қилинмоқда.

Айтилишича, Президентнинг топшириғига кўра, Ўзбекистонда 2026 йилга қадар қуёш ва шамол электр станциялари умумий қуввати 8 минг мегаваттга етказилади.

“Глазгода ўтказилган Иқлим бўйича халқаро саммитда Ўзбекистон 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотга нисбатан иссиқхона газлари улушини 35 фоизга камайтиришни ташаббус қилди. Ўтган уч йилда қайта тикланувчи энергия учун ҳуқуқий база шакллантирилиб, қулай шарт-шароитлар яратилди.

Натижада 3 миллард доллар миқдорида хорижий инвестициялар ҳисобига 2,9 минг мегаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш ишлари бошланди”, деди давлат раҳбари.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда муқобил энергетикани ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни белгилаб берган.

– 2026 йилга қадар қуёш ва шамол электр станциялари умумий қувватини 8 минг мегаваттга етказиш зарур (аввалги режада 8 минг мегаватт қувватни 2030 йилгача барпо этиш белгиланган эди);

– йирик саноат корхоналари ҳам ўз энергия таъминоти бўйича қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкил этиши учун зарур шароитлар яратиш керак. Ҳудди шундай, аҳоли ва тадбиркорларни қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишини қўллаб-қувватлаш лозим;

– келгуси беш йилда 8 минг мегаваттли қуёш ва шамол электр станцияларини қуришда қарийб 6 миллиард долларлик бутловчи қисм ва материаллар харид қилинади. Шу муносабат билан уларни маҳаллийлаштириш чораларини кўриш лозим;

– барпо этиладиган электр станцияларига 1 минг нафардан зиёд муҳандис ва қарийб 3 минг нафар ўрта бўғин мутахассислари талаб этилади.

Шунинг учун йил якунига қадар Навоийда қайта тикланувчи энергия соҳасида кадрлар тайёрлаш маркази ишга туширилади. Навоий, Сирдарёдаги ўқув марказларида халқаро стандартлар асосида йилига 200 нафар малакали мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади.