Ўзбекистон ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Эрон ва Покистондан олиб келинган картошка маҳсулотларида хавфли зараркунандаларни аниқлади. Агентлик матбуот котибига таяниб “Газета.uz” хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ҳар йили Россия, Қозоғистон, Покистон, Эрон ва Қирғизистондан 400 минг тоннага яқин картошка импорт қилади, ваҳоланки, 2016 йилда бу кўрсаткич 56 минг тоннани ташкил этган. EastFruit маълумотларига кўра, Покистон Ўзбекистонга асосий картошка етказиб берувчилар давлатлар қаторига киради.

2021 йилда Эрон ҳам ушбу давлатлар қаторига қўшилди. 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда картошка маҳсулотларининг Покистондан умумий ҳисобда 127 минг тоннаси ёки ушбу даврдаги умумий картошка импортининг 11 фоизи импорт қилинган . 2021 йилнинг 7 ойи давомида Ўзбекистонга импорт қилинган картошканинг умумий ҳажмида Покистоннинг улуши 24,4 фоизни, Эроннинг улуши эса 38,5 фоизни ташкил этди.

25 сентябрдан бошлаб Эрон ва Покистондан олиб келинган картошка маҳсулотларида Ўзбекистон учун ўта хавфли карантин зараркунандалари ҳисобланган, картошка ва полиз экинлари ҳосилига таҳдид солувчи рангпар ва тилларанг нематодалар (паразит чувалчанглар) билан юқтириш ҳолатлари тизимли равишда қайд этилмоқда.

Яна бир муҳим фактни таъкидлаш жоизки, нематодаларга қарши курашда самарали кимёвий воситалар мавжуд эмас. Нематодлар тарқалган жойларда 30 йил давомида картошка ва полиз экинларини этиштириш мумкин эмас. Бундан ташқари, Евроосиё иқтисодий иттифоқига помидор, бақлажон, булғор қалампири, картошка экспорти билан боғлиқ муаммолар ва чекловлар қўйилиши хавфи юқори бўлади”, — дейди Сабина Садинова.

У халқаро экспертларга таяниб, нематодлар туфайли глобал ҳосил йўқотишлари тахминан 100 миллиард долларни ташкил этишини айтди.