Ўзбекистонда «Қалқон» енгил зирҳланган автомобилни серияли тарзда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. БУ ҳақида Мудофаа саноати давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мудофаа саноати комплекси корхоналаридан бирида ишлаб чиқарилган «Қалқон» енгил зирҳланган автомобили куч ишлатар вазирлик ва идоралар ҳамда тегишли давлат органлари мутахассислари таркибидаги эксперт комиссия томонидан барча амалий синовлардан муваффақиятли ўтказилди.

Тўлалигича соҳа мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган конструкторлик ҳужжатлар асосида яратилган «Қалқон»нинг тактик-техник тавсифлари буюртмачилар таклифлари асосида янада такомиллаштирилди ҳамда Қуролли Кучларимизнинг талабларига ва халқаро тан олинган стандартлар меъёрларига мос келиши тасдиқланди.

Маълум бўлишича, шу кунларда мазкур енгил зирҳланган автомобиллар церийали ишлаб чиқарилиб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари бўлинмаларига етказиб берилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистонда масофадан туриб бошқариладиган йирик калибрли пулемёт ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар берилган эди.