Новосибирск кардиология маркази шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Игорь Балабанов Наманганда бир неча мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказмоқда.
Шу йилнинг 26 октябрь куни Республика ихтисослашган илмий-амалий кардиология маркази Наманган филиалига Россия Федерацияси Новосибирск вилояти кардиология марказининг кардиология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Игорь Александрович Балабанов ташриф буюрди.
Таъкидлаш ўринлики, филиал бу тажрибали шифокор билан 2005 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. Унинг иштирокидаги маҳорат дарслари, тажриба алмашинув жараёнлари вилоятда кардиохирургиянинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.


Таниқли олим бу галги ташриф давомида марказда амалга оширилган ўзгаришлар, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди ва янгиланишларга ижобий баҳо берди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2019 йилда вилоятимизга ташрифи давомида марказга 1,1 млн. АҚШ доллари қийматида маблағ ажратилгани ва бу маблағларга МСКТ, ЭФИ станцияси, Допплер, УТТ ускуналари, кислород станцияси ва бошқа замонавий тиббий аппаратураларнинг харид қилинганидан бохабар бўлган Игорь Александрович бундай эътибор юқори технологияли амалиётларни муваффақиятли бажарилишига асос бўлаётганини мамнуният билан таъкидлади.
Шу куннинг ўзидаёқ И. Балабанов иштирокидаги анжуманлар бошланиб кетди. Марказ жамоаси Новосибирск кардиология марказида бажарилаётган амалиётлар ва янгиликлар билан батафсил танишди.
Семинар сўнггида РИКИАТМ Наманган филиали ва Новосибирск вилоят кардиология маркази ўртасида келгусида тажрибалар алмашинувига эришиш ва мутахассисларнинг малака оширишини таъминлаш бўйича меморандум имзоланди. Бу муҳим ҳужжатни имзолашда иштирок этган филиал директори Солижон Мўминов ҳамкорлик натижасида эришиладиган натижаларнинг аҳамияти ҳақида сўзлади.
Ўз навбатида, марказ бўлимларидаги аҳволи оғир бўлган беморлар консилиум қилинди. Юрак қон томир жарроҳлиги бўлимида даволанаётган бир нафар беморда сунъий қон айланиш ва кардиоплегия шароитида “Аутоартериал коронар шунтлаш” жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Амалиётни меҳмон шифокор марказ кардиожарроҳлари Абдусалом Хўжамбердиев ва Орифжон Қосимовлар билан биргаликда ўтказди.
Игорь Балабанов 2 ноябрга қадар – яна бир неча кун давомида марказда бир қатор мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказади.