Хабарингиз бор, Effect.uz Ахборот агентлиги Қуйи Чирчиқ тумани, Сурум маҳалласида журналистик суриштирув олиб борди.

Шундан сўнг, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан Сурум маҳалласида фуқароларни қўзғалон қилишга чорлаб, 40 дан ортиқ тадбиркорга йўл бермасликка чақирган туман депутати Бахтиёр Жаникуловнинг ҳатти-ҳаракати юзасидан ўрганиш олиб борди.

Сенатнинг ўрганиш натижасида баён қилинишича, Б.Джаникулов ўтган вақт давомида аҳолини бир неча бор Сурум МФЙдаги йўлни тўсишга чақирган.

2021 йилнинг сентябрь ойи бошидан то ҳозирги кунга қадар, Б.Джаникулов ўз ваколатига кирмасада Сурум маҳалласидаги 10-15 нафар фуқароларни жалб этиб, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг йўлини тўсган ва депутатлик одобига тўғри келмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, уларга дўқ-пўписа қилган.

Мутасаддилар томонидан Б.Джаникулов қонунга зид равишда ҳаракат қилаётгани бир неча бор тушунтирилган.

Хусусан, ушбу ҳолат доимий такрорлангани боис 2021 йил 16 сентябрь куни ўтказилган Халқ депутатлари Қуйи Чирчиқ туман кенгашининг “Регламент ва депутатлик одоби масалалари” бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги мажлисида Б.Джаникулов қонунга зид равишда иш олиб бормаслиги, тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги яна бир бор тушунтирилган.

Шу билан бирга, агар шу каби қонунга зид хатти-ҳаракат яна такрорланса, Б.Джаникуловнинг депутатлик ваколатлари қонунда кўрсатилган нормаларга мувофиқ муддатидан илгари тугатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Шундай бўлсада, Б.Джаникулов ушбу ҳаракатини яна такрорлаган. Айни вақтда мазкур ҳолат тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда. Натижалари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади”, – дейилади хабарда.