Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари,Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси иши бўйича муносабат билдирди.

“ОТМда талаба қизларга нисбатан харассмент (шилқимлик) – жиддий муаммо, Педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа бунинг яққол далилидир.

Менимча, қиз-аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бундай ОАВ фаолияти – катта муваффақият ҳамда адолатсизлик ва cексизимга тоқат қилишни истамайдиганларнинг сўнгги  умидидир. Фонд ушбу йўналишда фаолият юритаётган бундай оммавий ахборот воситаларини олқишлаши ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини таъкидламоқчиман.

Лекин жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз.

Албатта, бу ҳақда очиқ гапиришга жазм қилган қизларнинг жасорати ва қатъияти таҳсинга сазовор. Бироқ тазъйиқ ва ноҳақлик ҳақида баралла гапира олмай, дарду ҳасратини машъум кабинетлар ҳамда хотирасининг узоқ бурчакларига дафн этганлар қанча!  Жабрдийданинг ўзини айблаб, терговни “ёпти-ёпти” қилиб юборилган ҳолатлар қанча!

Қанчадан-қанча жиноятчилар ожизани муросага кўндиргани ёки қўрқитиб қўйгани учун сувдан қуруқ чиққан?

Айни кунларда бу ҳақда тинимсиз ўйлаяпман. Биз бу борада Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВнинг ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳага муҳтожмиз.

Айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт. Зўравонлик қурбонлари уларнинг нидосини эшитадиганлар ва ёрдам берадиганлар борлигига  ишончи комил бўлиши, зўравонлар эса жазо муқаррар эканлигини англаши зарур.

Шунда нафақат ўқишдан ҳайдаш ёки бошқа баҳоналар билан ОТМ талаба қизларига таҳдид қилишга, балки исталган бошқа жойда ҳам лавозим ва мавқеини суистеъмол қилиш билан қонунни бузишга йўл қўйилмайди”, – деб ёзди Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 3 курс талабасига декан ўринбосари тегажоғлик қилиб, сўнг уни деразадан итариб юборган ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бормоқда.