Ўзбекистон президенти лавозимига қайта сайланган Шавкат Мирзиёев келгуси икки ой ичида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилади.

Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон президенти сайлов натижалари эълон қилинган кундан эътиборан 2 ой ичида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилади ва шу пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.

Қайд этиш жоиз, бу сафарги инаугурацияда илк марта президентлик белгиси ва штандарти (байроғи) ҳам бўлади.

Маълумот ўрнида, сиёсий партиялар томонидан Президентликка кўрсатилган номзодлар сайловчиларнинг қуйидаги миқдордаги овозни олди:

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимов — 3,4 фоиз;

Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Обломуродов — 4,1 фоиз;

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров — 5,5 фоиз;

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисова — 6,6 фоиз;

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев — 80,1 фоиз.