Ўзбекистондан Қирғизистонга электр энергияси етказиб бериш якунланди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг «Тазабек» нашри  хабар берди. Маълум бўлишича, мазкур ҳолат  Ўзбекистондан Қирғизистонга 2021 йилга режалаштирилган электр энергияси тўлиқ етказиб берилганлиги билан боғлиқ. Айни вақтда томонлар 2022 йилга режалаштирилган электр энергияси ҳисобидан импорт ҳажмини узайтириш масалаларини кўриб чиқмоқда.

Хабарларга кўра, мамлакат Қозоғистон билан ҳам ўзаро электр энергиясини етказиб бериш бўйича келишувга эришган ва ҳозирда электр энергияси импорти амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатга Туркманистондан қилинадиган электр энергияси импорти ҳажми ҳам оширилган.

«Ўзбекистон Республикасидан электр энергияси етказиб бериш тугалланиши муносабати билан Туркманистондан Қирғизистонга импорт қилинадиган электр энергияси ҳажми оширилди», – дейилади Қирғизистон Миллий энергияхолдинги хабарида.