Германиянинг “Кнауф” компанияси ҳаммуассиси Николаус Кнауф бугун Фарғонага келди. Фарғона халқаро аэропортида Кнауф ва унинг ҳамроҳлигидаги делегацияни вилоят ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев кутиб олди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Николаус Кнауф дунёнинг 90 мамлакатида 225 та ишлаб чиқариш корхонасига эга бўлган, йиллик айланмаси 6,4 миллиард долларга тенг “Кнауф” компаниясининг икки асосчисидан бири – Альфонс Кнауфнинг ўғли ҳамда компаниянинг энг йирик ҳиссадорлардан биридир.

Николаус Кнауфга вилоятимизга ташрифи чоғида қизи Ангелика Верхан, шунингдек, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлари кенгаши ҳамраиси, “Knauf” гуруҳи бошқарув раиси Манфред Грундке, “Knauf” гуруҳи бошқарувчиси Уве Кноцер, компаниянинг техника ва ишлаб чиқариш бўйича раҳбари Антон Петер, Шарқий Европа ва МДҲ давлатлари бўйича бошқарувчи Янис Краулис, МДҲ давлатлари ҳудудида компания ҳиссадорларининг ваколатли вакили Александр Блюмгардт ҳамда “Knauf”нинг Ўзбекистондаги корхоналари раҳбари Дмитрий Дерипалко ҳамроҳлик қилдилар.

Меҳмонлар вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан бирга Ўзбекистон туманининг “Шўрсув” ҳудудида барпо этилаётган, умумий лойиҳа қиймати 20 миллион евро бўлган ва йиллик 17 миллион квадрат метр гипскартон листлари ҳамда 40 минг тонна гипс асосидаги қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “Knauf gips Farg’ona” корхонасини бориб кўрдилар. Корхонада қурилиш ишлари якунланиб, замонавий ишлаб чиқариш линияларини ўрнатиш якунланмоқда. Декабрь ойида тест режимида дастгоҳларни ишга тушириш, келгуси 2022 йил февраль ойида эса фойланишга топшириш режалаштирилган.

Вилоят ҳокими, ҳурматли меҳмонни Фарғонада қутлар экан, унинг Ўзбекистон ва Германия иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдаги улкан хизматларини, мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни жорий этишдаги ҳиссасини юқори эътироф этди.

Хайрулло Бозоров ва Николаус Кнауф биргаликда корхонани кўздан кечиришди, ишлаб чиқариш линиялари ҳамда ўрнатилган дастгоҳлар билан танишишди. “Knauf gips Farg’ona” фойдаланишга топширилгач, келгуси босқичда уни кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ушбу корхонанинг қурилиш-монтаж ишларига маҳаллий пудратчилар жалб қилинган. Корхонага ҳозирнинг ўзида 40 дан ортиқ маҳаллий ёшлар доимий ишга қабул қилиниб, улар корхона фойдаланишга топширилгунга қадар “Knauf gips Buxoro” заводида тажриба ўрганишмоқда.