Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Толибон ҳукуматини тан олиш масаласи кун тартибидаги асосий масала эканлигини билдирди. Бу ҳақда «ТАСС» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

«Толибон ҳукуматини тан олиш масаласи, албатта, кун тартибида турибди. Биз иттифоқчиларимиз ва шерикларимиз билан биргаликда бу томон ҳаракат қиламиз. Аммо Толибон олдига қўйилган шартлар шунчалик жиддийки, уларга нисбатан алоҳида-алоҳида ҳаракатланиш жуда хавфлидир. Толиблар томонидан террорчилик ҳаракатларининг сақланиши ёки унга қарши курашнинг етарли эмаслигига кўз юмиш  ва уларни тан олиш мумкин эмас»-, дейди у жума куни рус журналистларига берган интервьюсида.

Маълум қилинишича,  Ташқи ишлар вазири журналистларнинг афғон қочқинлари тўғрисидаги саволларига ҳам жавоб берган.

«Қочқинлар оқими йўқ, қочқинлар умуман йўқ. Биз аввалдан қочқинларни қабул қилмаслигимизни айтган эдик. Қочқинларни сақлаш учун махсус жойлар яратиш бўлмаган ва бўлмайди ҳам.»

Абдулазиз Комиловнинг айтишича, афғон қочқинлари бўлмаганлиги сабабидан улар учун махсус жойлар яратишнинг ҳожати йўқ. Аммо Ўзбекистон хавф остида қолган одамларни Афғонистондан учинчи давлатларга олиб чиқишда ёрдам кўрсатган ва кўрсатишга тайёр эканини таъкидлади.