Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида савдо ва умумий овқатланиш соҳасига тааллуқли масалалар бўйича истеъмолчиларнинг 4637та мурожаатлари кўриб чиқилиб, уларга қайтарилган маблағлар ва янгисига алмаштирилган товар моддий бойликлари (транспорт воситалари, маиший техника воситалари ва бошқалар) қиймати 4,4 млрд.сўмни ташкил этган.

Шундан, автотранспорт воситалари ва уларнинг бутловчи қисмларига тааллуқли 250та мурожаат келиб тушган бўлиб, умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард сўм бўлган 14та автротранспортни қайтариш ёки алмаштиришда ёрдам кўрсатилди (шу жумладан “UzAuto” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган Damas, Nexia-3, Cobalt, Lacetti ва Malibu-2 русумли жами 12та автотранспорт воситалари).

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда бўлаётган кенг муҳокамалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаевнинг сўров хатига асосан, “UZAUTO MOTORS” АЖ томонидан истеъмолчиларга Chevrolet Cobalt русумли 4-позиция автомобилларини модулсиз етказиб бериш таклифи Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг талабларига мувофиқлиги юзасидан Агентлик томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Расул Кушербаев “UzAuto Motors”га кескин чора кўрилишини талаб қилган эди. Кейинроқ компания «Бир депутат аҳолини норозиликка чақиришга қанчалик ҳақли?» деган сарлавҳа остида жавоб қайтарган эди.