“Реал” бош мураббийи Карло Анчелотти Ла Лига 10-тури доирасидаги “Барселона”га қарши учрашув ҳақида фикрларини билдирди.

“Бу ўзига хос учрашув. Ҳар бир мамлакатда бошқа ўйинлардан ажралиб турувчи, ўзига хос тўқнашувлар бор. Мисол учун, “Интер” – “Милан”, “Челси” – “Арсенал”, “Бавария” – “Боруссия Дортмунд”. 

Эл-класико – Испанияда айниқса мухлислар учун қай даража аҳамиятли экани барчага маълум. Бу оддий ўйин эмас. Ўйинга тайёргарлик услубим ўзгармайди – максимал хотиржамлик ва совуққонликни йўқотмаслик талаб этилади.

“Барса”га қарши яхши ҳимояланиш муҳим. Яхши ҳимоя – барча муваффақиятларнинг калитидир. “Реал” қайси ўйинларда тўп ўтказиб юбормаган бўлса, барчасида биз ютганмиз. 

Карвахаль ва Азар сафга қайтишади, деб умид қиляпман. Улар машғулотларда яхши тайёргарлик кўришмоқда, жисмонан ва тактик жиҳатдан пухта ҳозирлик кўриш керак. Футболчиларга класикода ўйнашнинг аҳамияти ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ.

“Барселона” яна аввалги ҳолатига қайтмоқда,” – дейди Анчелотти.

Маълумот учун, “Барселона” – “Реал” учрашуви  24 октябрь, якшанба куни Тошкент вақти билан соат 19:15да бошланади.