Ўзбекистон Футбол Ассотсацияси ва Германиянинг “Боруссия Дортмунд” клуби вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Унда бир қанча масалалар, хусусан, ўзбекистонлик мураббийларнинг “Боруссия Дортмунд”да малака ошириши, клуб академияси фаолиятини ўрганиш, турли ёшдаги терма жамоалар ўртасида ўртоқлик ўйинларини ўтказиш борасида фикр алмашилди.

Немис клубининг замонавий футбол технологиялари, спорт тиббиёти, мураббийлар таълими ҳамда аёллар футболини қандай ташкил этиш борасидаги тажрибаларини ўрганиш юзасидан таклифлар билдирилди. Бундан ташқари, германиялик мутахассислар билан биргаликда координация жараёнини йўлга қўйган ҳолда ўзбекистонлик иқтидорли, ёш футболчиларни “Боруссия Дортмунд” академияларига тажриба алмашиш учун юбориш масаласи муҳокама этилди.

Ўз навбатида, “Боруссия Дортмунд” вакиллари келажакдаги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга доимо тайёр эканликларини таъкидлади.