Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори, Осиё ўйинлари ғолиби, Осиё чемпионати кумуш медали ҳамда кўплаб турнирларда ғалабаларга эришган дзюдочи Диёрбек Ўрозбоевдан олинган допинг-назоратида тақиқланган модда аниқланган.

Диёрбек Ўрозбоев Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг “Миллий тест рўйхати”га киритилган бўлиб, режали тарзда допинг-назоратидан ўтиши белгиланган. Жорий йилнинг 6 май куни спортчидан мусобақадан ташқари даврда допинг-назорати олинган эди.

Текширув натижасида спортчи томонидан Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлиги содир этилган, яъни, “Meldonium” тақиқланган моддаси истеъмол қилинганлиги аниқланган.

Ўрозбоев 3 йил муддатга дисквалификация қилинди. Дисквалификация 2021 йил 16 августдан 2024 йил 15 августга қадар этиб белгиланди.

Маьлумот учун, Дзюдочи дисквалификация муддати тугаганга қадар Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида белгилаб қўйилганидек, халқаро ва миллий тоифадаги мусобақаларда иштирок этиши тақиқланади.