Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Божхона кодексининг 81та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, мазкур қонун кейинги 2 йил ичида тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган муаммоларнинг ечимига қаратилган. Унга кўра, қуйидаги янгиликлар жорий этилади:

– Божхона ҳужжатларининг расмийлаштириш муддати 3 кундан бир кунгача қисқармоқда;

– Товар ва транспорт воситаларини божхона режимига жойлаштириш бекор қилиняпти;

– Қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган товарларни божхонадан чиқариш ваколатли шахслар томонидан амалга оширилиши йўлга қўйилади (аввал божхона ўзи истаган нархни қўйиб, тадбиркорлар манфаати инобатга олинмас эди);

– Божхона тизимига ваколатли иқтисодий оператор институти жорий этилмоқда (бу божхонадаги ҳисоб-китобларда инсон омилининг аралашувини чеклайди);

– Эндиликда нафақат аэропортлар, балки мамлакатнинг тарихий шаҳарлари Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қўқон марказларида божсиз савдо қилувчи Duty Free дўконлари ташкил этилади.

Шунингдек, божхона тизимига солиқ солишдан озод этиладиган товарлар рўйхати киритилмоқда. Бу тадбиркорлар учун эркин товар айланишини кафолатлайди.