Хоразмда симоб ва платинани 530 минг АҚШ долларига сотишга уринган шахсларни тўхтатиб қолишди. Бу ҳақда Давлат Божхона қўмитаси хабар берди.

Маълум бўлишича, Хоразм вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан вилоят давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қуйма платина ва симоб суюқ металининг ноқонуний олди-сотдисига чек қўйилди.

Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган шахс оғирлиги 1 кг. 22 гр.ни ташкил қилувчи 1 дона платина қуймасини ҳамда салкам 514 гр. оғирликдаги заҳарли симоб моддасини сотишга уринган вақтида ушлаб қолинди.

Режага кўра, ушбу шахс платина қуймасини 30 минг АҚШ долларига, симобнинг ҳар бир грамини 1000 АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 500 минг АҚШ долларига сотишни кўзлаган эди. Mазкур ҳолатда қонунбузар шахсдан белгиланган тартибда олиб қўйилган платина ва симобнинг умумий қиймати 1 млрд. 128 млн. 510 минг сўмни ташкил қилмоқда

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқдa.