Оғир сумкалар ўқувчилар саломатлигига таъсир қиладими? Ўзбeкистон Рeспубликаси Санитария-эпидeмиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бу саволга жавоб беради.

Ўқув йили бошланганига бир ойдан ошди. Айрим ҳолларда оғир сумка кўтариб олган мактаб ўқувчилари ҳам учраб туради. Кўтариш мумкин бўлган вазндан ошиб кетган, ноқулайлигидан эгилиб юришга мажбур қилаётган ўқувчиларнинг сумкаларини кўриб савол туғилиши табиий. Мактаб ўқувчилари дарсликларининг кўплиги боис оғир сумкани кўтаришмоқдами? Дарсликлар борасида қандай меъёрлар қабул қилинган?

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бош мутахассиси Рауф Қосимов маълумот берди.

Ўқитувчи болага таълим бериш жараёнида ҳар бир фаннинг оддийликдан мураккаблик сари изчил давом этган асосларга таянади. Бу асослар эса ўқув адабиётлари – дарсликларда акс эттирилади.

Умумтаълим мактабларининг ўқувчилари фойдаланадиган ўқув дарсликлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 июндаги “Таълим муассасалари учун хавфсиз полиграфия маҳсулотлари ҳақидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида”ги 146-сон қарори ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йилда тасдиқланган “Гигиенические требования к изданиям учебным для общего среднего и среднего специального, профессионального образования” 0359-18-сонли санитария қоида ва нормалари талаблари асосида тайёрланади.

Юқоридаги ҳужжатларга мувофиқ ўқув дарсликларининг оғирлиги қуйидагича белгиланган:

1-4 синфлар учун битта нашрнинг оғирлиги 300 грамм;

5-6 синфлар учун битта нашрнинг оғирлиги 400 грамм;

7-9 синфлар учун битта нашрнинг оғирлиги 500 грамм;

10-11 синфлар учун битта нашрнинг оғирлиги 600 грамм.

Агар бир кунда ўқувчиларнинг дарси 4-5 соатни ташкил этадиган бўлса фақат нашрнинг вазни 1,5-2,5-3 ва ундан кўпроқ килограммга айланади. Бундан ташқари, сумкага дафтар, кундалик, қалам, ручка ва керакли ўқув қуролларининг солиниши сумка оғирлигини янада ошишига олиб кетади.

Шунингдек, бир ўқув куни учун мўлжалланган дарсликларнинг ёзув анжомлари билан биргаликда жами оғирлиги ўқувчи сумкаси ёки рюкзакини ҳисобга олмаганда 1-2 километр масофагача қуйидаги ўрнатилган меъёрлардан ортиқ бўлиши керак эмас.

Агар бола соғлом ривожланаётган бўлса, белгиланган меъёрдагидан бирмунча ортиқ юк кўтарса ҳам унинг саломатлигига зиён етмайди. Aммо, ортиқча юк кўтариб юриш доимий бўлмаслиги шарт. Доимий тарзда оғир ўқув сумкасини кўтариб юриш ҳолсизланиш, чарчоқ ҳамда ўқувчида юракнинг нормал ишлашига ҳам таъсир кўрсатиб ортиқча босимни пайдо қилади.

Оғир мактаб сумкаси боланинг тана шаклига салбий таъсир қилади. Бола оғир юкхалта кўтарганлиги сабабли, бош, бўйин ва елка қисмини олдинга эгиб олади. Бундай давомли ҳолат букриликка олиб келиши ҳам мумкин.

Фарзандингизга мактаб сумкаси сотиб олаётганда оғирлиги 700 граммдан 1200 граммгача бўлган, ўзидан ёқимсиз ҳид таратадиган синтетик материал билан ишланмаган сумкаларни танлашга эътибор қаратиш лозим – дейди мутахассис.