Бугун 21 октябрь мамлакатда Ўзбек тили куни кенг нишонланди. Хусусан Бош прокуратурада ўтказилган байрам тадбири ҳам

Тил – бу миллат кўзгусидир. Ҳар бир миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги бу унинг тили билан чамбарчас боғлиқдир. Миллатни миллат қиладиган, элатни элат қиладиган ҳам бу тилдир

шиор остида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси қўмита раиси Эркин Захидов, Вазирлар Маҳкамаси департамент бошлиғи Абдуғаффор Қирғизбоев, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон, ёзувчи Луқмон Бўрихон, шоир Азиз Сайид, шунингдек, видеоконференция орқали барча бўғиндаги прокуратура органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этдилар.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев сўзга чиқиб, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан барчани муборакбод этди ҳамда ўзбек тилига берилаётган эътибор ва амалга оширлаётган муҳим ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан мамлакатда ва ҳалқаро миқёсида ўзбек тилининг нуфузини ва обрў-эътиборини тубдан ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги яна бир бор эътироф этилди.

Шунингдек, Бош прокурор ўзбек тилини янада ривожлантириш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни рўёбга чиқариш, айниқса, давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ижросининг сўзсиз таъминланиши юзасидан таъсирчан назорат ўрнатишда прокуратура органлари олдинги сафларда бўлиши зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Қайд этилганидек, прокуратура органлари тизимида иш юритиш давлат тилида амалга оширилиши, барча ҳужжатлар тўлиқ давлат тилида расмийлаштирилиши таъминланмоқда.

Бунда, Бош прокурор маслаҳатчиси, шунингдек вилоят прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, Департамент ва Бюро раҳбарларининг маслаҳатчилари фаолияти йўлга қўйилганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Бош прокуратура Академиясининг ўқув дастурларига давлат тилида иш юритиш бўйича алоҳида дарс соатлари киритилиб, мукаммал ўқитиш тизими яратилганлиги ходимларнинг билим ва малакасини янада оширишга замин яратмоқда.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти билан ҳамкорликда прокуратура органлари ходимлари ўртасида “Юридик соҳада давлат тилининг ўрни ва аҳамияти” мавзуси бўйича эсселар, билимдонлик ва шеърхонлик йўналишларида ўтказилган танловларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Танлов ва турли номинациялар ғолибларига диплом ва сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Шу билан бирга, тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар сўзга чиқиб, байрами муносабати билан барчани табриклаб, тегишли тавсия ва таклифлар билан ўртоқлашишди.