Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь-cентябрь ойларида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга ошди, дея хабар берди Spot нашри “Этажи” кўчмас мулк агентлиги таҳлилига таяниб.

Хабарга кўра, кўчмас мулк бўйича битимларнинг умумий сонининг қарийб 40 фоизи Тошкентга тўғри келади.

Вилоятлар кесимида қаралганда, 2021 йилда тузилган битимлар:

Самарқандда — 32%га,

Фарғонада — 27% га,

Наманганда — 36% га,

Андижонда — 31%га,

Бухорода — 33%га,

Навоийда — 29% га

Қорақалпоғистонда — 27%га ўcди.

Маълум қилинишича, COVID-19 пандемиясидан сўнг, ҳозирда кўчмас мулкни сотиш суръати мўътадил ўсишни бошлади ва жорий йилнинг август-сентябрь ойларида сотиб олиш фаолиятига таъсир кўрсатган асосий омил эпидемиологик вазиятнинг босқичма-босқич яхшиланиши ва мавсумий таътилларнинг тугаши бўлди.

Карантин чекловлари даврида режалаштирилган харидлар ортга сурилди. Бу эса истеъмолчилар талабининг пасайишига олиб келди, шунингдек,фуқароларнинг ўз ҳудудидаги кўчмас мулкка бўлган қизиқишининг ошишига олиб келди. Катта шаҳарларда бирламчи уй-жой бозорида таклифнинг ошиши ва уй-жой шароитининг яхшиланиши туманлар ичидаги кўчмас мулкка бўлган талабнинг шаклланишида муҳим роль ўйнади — дейилади хабарда.

Тошкент шаҳрида тузилган битимлар сони 2 фоизга камайди. Шунга қарамасдан, 2021 йилнинг учинчи чорагининг дастлабки натижалари шуни кўрсатдики, Тошкентда нархлар ўтган чоракка нисбатан ўртача 5−7% га ошган. Шаҳарда бирламчи бозордаги кўчмас мулкнинг бир квадрат метри учун ўртача нархи сентябрь ойи ҳолатига кўра, 7,2 млн сўмни ташкил қилди.

Бирламчи бозордаги кўчмас мулкнинг бир квадрат метри учун ўртача нарх жадвали (2021 йил сентябрь):

Манба: www.stroyka.uz ва www.tashkent.etagi.com кўчмас мулк платформаси веб-сайтларига асосланган ҳисоб-китоблар.

Ўрганишларга кўра, Тошкетнинг энг кўп қурилиш ишлари олиб борилаётган туманларига қуйидагилар кирган:

Мирзо Улуғбек;

Яккасарой;

Яшнобод;

Учтепа;

Юнусобод.

Бу туманлар шаҳар марказига яқинроқ ва ривожланган инфратузилмага эга бўлганлиги боис юқори нарх таклифларини келтириб чиқаради. Чилонзор, Бектемир, Сергели, Учтепа каби туманларда уй-жой нархи ўртача 30%га пастроқ.

“Кўчмас мулкнинг бирламчи бозорида нархларнинг кўтарилишига Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” боғи очилиш маросимидаги Тошкентда қурилишни чеклаш ҳақидаги баёноти ҳам сабаб бўлди”, — дейилади хабарда.

Пойтахтда уй-жой сотиб олишда маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, карантин чораларини юмшатиш, қурилиш ҳажмини чеклаш, Тошкентни яшил зонага айлантириш, ипотека кредитлаш воситаларини такомиллаштириш Тошкентда кўчмас мулкка бўлган талабнинг доимий ўсишига ва бирламчи уй-жой нархларининг ўсишига олиб келадиган асосий омиллардан бири эканлиги қайд этилади.