Effect.uz ахборот агентлиги Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган 0,14 гектар низоли ер участкаси кимга тегишли экани масаласи ортидан журналистик суриштирув ишларини олиб борди.

 

Олиб борилган ўрганиш ишлари давомида икки тадбиркор “Murod Mega Biznes” ХК ва “Elever Zigota LTD” МЧЖ ўртасида 2018 йилдан бери низоли ер кимга тегишли экани масаласидаги тортишув Олий суд судьяларининг столи устигача етиб боргани маълум бўлди. Кейинчалик ушбу суд қарори устидан Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова протест келтириб, 3та асосга кўра суд қарори ўзгартирилиши кераклигини таъкидлади.

Мазкур тушунмовчилик ёки эҳтимолий коррупция ортидан чиқиб келган икки тадбиркор низосига аслида нима сабаб бўлган? Масала бўйича журналистлар Бош прокуратура, ИИБ, вилоят кадастр бошқармаси, Қибрай тумани кадастр филиали, Ўзбек давлат ер тузиш илмий-лойиҳалаш институти яъни “ЎЗДАВЕРЛОЙИҲА”, Қибрай туман ҳокимлиги вакилларига мурожаат қилишди.

Хўш натижа қандай бўлди? Бунга Effect.uz сайтининг ҳолат бўйича олиб борган журналистик суриштируви давомида батафсил билиб олишингиз мумкин.

Ҳолат бўйича олиб борилган журналистик суриштирув давомида “Elever-Zigota LTD” МЧЖ раҳбари Зоҳида Зарипова билан Kadastr agentligi Toshkent viloyat boshqarmasi boshlig‘i Рустам Файзиев қабулига борилди. Бошқарма бошлиғи билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнида у навбатдаги суд жараёнида эҳтиёж сезилса, кадастр мутахассисларини жалб қилишини таъкидлаб ўтди.

Журналистик суриштирув ишлари жараёнида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси Қибрай тумани филиалига мурожаат қилинди. Бироқ филиал ходимлари журналистлар саволларига жавоб беришга чўчишди чоғи ўзларини жимгина ишлаётган одамдек кўрсатишга ҳаракат қилишди.

Бундан ташқари, улар ташкилотга келган фуқароларни қабул қилишни қойиллатиб ҳам қўйишди. Гап шундаки, филиалга иш билан келган фуқароларни деярли 1 соатга яқин куттирган ходимларнинг хурмача қилиқларига тоқат қилмаган одамлар бинонинг кириш қисмида ўрнатилган эгасиз турникет остидан бино ичига киришдан ҳам тойишмади.

Шундай бўлишига қарамай, ҳеч бир масъул “сен нега бу ерга келдинг, нима хизмат?”, дея фуқароларга юзланмади. Ахир билишимизча, ушбу бинода давлат ҳужжатлари сақланади. Журналистлар эса бу ҳолатга реал гувоҳ бўлишди.

Бундан ташқари, филиал ходимлари журналистларни ёлланганликда айблаб, қўпол муомалада бўлиб, оғзаки мурожаатларга жавоб бермасликни баҳона қилган ҳолда, ёзма мурожаат тақдим қилишни сўрашди.

Бир неча урунишлардан сўнг Effect.uz журналисти филиал раҳбарининг хизмат хонасига борди ва унга юзланиб бир нечта саволлар борлигини билдирди. Аммо раҳбар ҳам ўзини ходимлари каби тутиб, журналистлар билан мулоқот қилишни истамасдан қуюқ хайрлашди.

Мулоқотда турникет олдида қоровул ёки қандайдир ходим бўлиши керакми деган савол ўртага ташланди. Бироз сукунатдан сўнг, чиқишдаги ҳолат буткул ўзгариб, пост олдида қоровул ҳам пайдо бўлиб қолди.

Бўлиб ўтган ҳодисалардан сўнг Effect.uz ходимлари Кадастр агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи матбуот хизмати раҳбари Юлдуз Уткировнага мурожаат қилишди. Юксак савия билан мурожаатни қабул қилган Уткировна бевосита бошқарма бошлиғи Рустам Файзиев оммавий ахборот воситаси ходимларини қабул қилишга тайёрлигини билдириб, мулоқот ўтказишда амалий ёрдам кўрсатди.

Ҳолат бўйича олиб борилган журналистик суриштирув давомида “Elever-Zigota LTD” МЧЖ раҳбари Зоҳида Зарипова билан Kadastr agentligi Toshkent viloyat boshqarmasi boshlig‘i Рустам Файзиевнинг қабулига борилди.

Бошқарма бошлиғи билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнида навбатдаги суд мажлисида эҳтиёж сезилгудек бўлса, иш бўйича мутахассисларини жалб қилишини таъкидлаб, соҳада камчиликлар борлиги ва ходимлар ўз устида кўпроқ ишлаши кераклигини айтиб ўтди. Бундан ташқари, Рустам Файзиев аввалроқ ҳам “Elever-Zigota LTD” МЧЖ раҳбарини қабул қилиб, суҳбат ўтказгани ва келгусида доим ёрдамга тайёрлигини маълум қилди.

Шу куннинг ўзида Ўзбек давлат ер тузиш илмий-лойиҳалаш институти яъни “O’ZDAVYERLOYIHA” ташкилотига ҳам борилди. Зоҳида Зарипова бу институтга аввалроқ мурожаат қилгани ва берилган жавобда 0.14 гектар ер ҳали ҳамон у раҳбарлик қилаётган МЧЖга тегишли экани тўғрисида айтиб ўтди.

Ташкилот матбуот хизмати раҳбари Азиза Мингбаева айнан ушбу жавоб хати ҳақиқатда “O’ZDAVYERLOYIHA” институти мутахассислари томонидан ўрганилгани, ҳолат бўйича юборилган сўровларга кўплаб ҳужжатларга асосан жавоб берилганини тасдиқлади.

Юқоридаги ҳолатлар содир бўлиши ортидан Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг ўринбосари Светлана Артикова Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йилнинг 30 июлдаги қарорини бекор қилиш бўйича протест келтирган.

Маълумки, Қибрай туманидаги икки тадбиркор “Murod Mega Biznes” ХК ва “Elever Zigota LTD” МЧЖ ўртасидаги низоли ер масаласини кўриш учун бўлиб ўтган суд ишини 30 июль куни Олий суд биносида маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатидан ташкил топган судьялар Шерзод Шеркулов, Шаҳноза Ахатова ҳамда раислик қилувчи Иброҳим Алимов кўриб чиққан. Ушбу иш масаласида сўнгги суд 2021 йилнинг 30 июль кунида бўлиб ўтган.

Гап шундаки, икки тадбиркор 2018 йилдан бери Тошкент вилояти Қибрай тумани Янгиобод қишлоғи 13к-контурида жойлашган жами 0,14 гектар ер участкаси (низоли ер) ортидан судлар ва кўплаб давлат идораларига мурожаат қилиб келар эди.

Светлана Артикова 2021 йил 28 сентябрь куни киритган протестида ушбу иш бўйича жараённи кўриб чиққан судлов ҳайъати томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўлиқ ўрганилмасдан нотўғри хулосага келганини қайд этган.

Жумладан, Артикова 3та асосга кўра, Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 30.07.2021 йилдаги қарорини бекор қилишни сўраб, қуйи суд қарорларини ўзгартиришсиз қолдириш лозимлигини таъкидлаган.

Кўп йиллардан бери прокуратура тизимида етилган Адлия катта маслаҳатчиси Светлана Артикова 30.07.2021 йилдаги судлов ҳайъатинининг қарорини бекор қилиб, Юқори Чирчиқ туман маъмурий судининг 30.09.2020 йилдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясининг 18.02.2021 йилдаги қарорларини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилиш бўйича Олий суддан протест киритиш йўли билан суд қарорини қайта кўриб чиқишни сўраган.

Шунингдек, Артикова протест “Elever-Zigota LTD” МЧЖ раҳбари Захида Зарипованинг мурожаатларини ўрганиш натижасига кўра келтирилганини изоҳлаган.

Демак, қибрайлик икки тадбиркор ўртасида бўлиб ўтадиган янги суд мажлиси 2021 йилнинг 21 октябрь куни бўлиб ўтиши белгиланган. Effect.uz ахборот агентлиги кейинги воқеалар ривожини ёритиб боришини маълум қилади.

Шунингдек, “O’ZDAVYERLOYIHA” институтининг методология бўлими бошлиғи Хожиев Қўчқор айнан ушбу ер давлат захирасига қайтарилишида Қибрай тумани кадастр филиали ходимларининг дастлабки хулосасида жиддий хатоликлар борлигини билдирди.

Шу билан бирга, “Elever-Zigota LTD” вакилининг собиқ архитектор билан телефон орқали қилинган суҳбат аудиоёзувлари борлигини ва уларни судга тақдим қилишларини айтиб ўтишди.