“Толибон” Ички ишлар вазири, “Ҳаққоний тармоғи”нинг асосчиси Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўғли, Сирожиддин Ҳаққоний бугун, 19 октябрь куни Intercontinental меҳмонасида теракт содир этганларнинг оиласи билан учрашди. Бу ҳақда Sputnik хабар бермоқда.

Ҳаққоний айнан ана шундай шаҳидлар ёрдамида Ислом тузуми шаклланганини айтиб, уларни Ислом ва ватан қаҳрамонлари деб эълон қилди.

Қайд этиш жоиз, 2018 йил 20 январь куни Intercontinental меҳмонасида содир этилган терактда 46 нафар одам ҳалок бўлган, улардан 14 нафар хориждан келган фуқаролар.

Маълумот ўрнида, Сирожиддин — Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўғли. Жалолиддин Ҳаққоний Совет қўшинлари билан жанг қилган ва бу жангда Америка махсус хизматлари томонидан қўллаб-қувватланган. Унинг вафоти 2018 йилда эълон қилинган. Толибларга қўшилишдан олдин Жалолиддин ўзининг “Ҳаққоний тармоғи” террорчилик гуруҳини тузган.

Жалолиддиннинг ўғли Сирожиддин Ҳаққоний 2015 йилда “Толибон” сафига қўшилган. Бунгача у отасининг ташкилоти сафида жанг қилган. АҚШ уни олти киши ҳалок бўлган Кобулдаги меҳмонхонада содир бўлган теракт ва ўша йили Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга қилинган суиқасдда гумон қилиб қидирмоқда.

Кичик-Ҳаққоний Афғонистон жануби ва жануби-шарқидаги ҳудудларни назорат қиларди. Аммо сўнгги йилларда, АҚШ ҳарбийлари маълумотига кўра, у ҳарбий режалар бўйича масъул бўлган.

АҚШ Федерал тергов бюроси “Толибон” қўмондони Сирожиддин Ҳаққоний қўлга олинишига олиб келиши мумкин бўлган маълумот учун 5 млн доллар таклиф қилмоқда.

“Ҳаққоний тармоғи”нинг етакчиси 2020 йилда The New York Times`да “Биз, Толибон, нимани истаймиз” номли мақолани эълон қилгани билан ҳам машҳур.

 2010 йилда эса у ўзининг 144 саҳифадан иборат “Мужоҳидлар манфаати учун уруш дарслари” китобини нашр этган.

Унда у бошни танадан жудо қилиш ва худкуш-террористларнинг портлашларини қўллаб-қувватлаган, шунингдек Ғарб мусулмонларини оломон билан қўшилиб кетишга, сочни олдириб, Ғарб кийимларини кийишга ва сабрли бўлишга ундаган.