Фарғона вилояти Сўх туманида янги аэропортда қурилиш ишлари якунланди ва яқин кунларда синов учишлари амалга оширилади. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати хабар бермоқда.

ФОТО: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Сўх туманига ташрифи доирасида туманда қурилиш ишлари якунланаётган янги аэропорт билан танишди.

Маълум бўлишича, Сўх туманининг Навобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жадал суръатлар билан барпо этилган аэродром майдони етти гектар бўлиб, узунлиги етти юз метрни ташкил этади.

ФОТО: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Қурилиш ишлари учун давлат бюджетидан олти миллиард саккиз юз миллион сўм маблағ ажратилиб, учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойлари ўзида қамраб оладиган замонавий мажмуа ташкил этилмоқда.

ФОТО: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Аэропорт қурилиши 2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

Вилоят ҳокими аэропорт учиш йўлаклари, кутиш ва хизмат кўрсатиш залида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. Сўнгги ишларни якунига етказишни тезлаштириш бўйича тегишли кўрсатлмалар берди.

ФОТО: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Хайрулло Бозоров шу ернинг ўзида вилоят ҳудудий электр тармоқлари, Фарғона сув таъминоти, вилоят Ҳудудгаз таъминоти корхоналари, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси ҳамда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев иштирокида туманда ушбу соҳаларда жорий йилда амалга оширилиши белгиланган ишларнинг бориши юзасидан муҳокама ўтказди.

Хусусан, бозоров масъулларга ўз йўналишларида белгиланган вазифаларни муддатида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан қатъий топшириқ берди.